Ҳокимнинг ноқонуний қарорига протест келтирилди

15:30 - 18.03.2021

8

Бош прокурор ўринбосари Эркин Юлдашев Қашқадарё вилоятида (Ғузор, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Касби, Косон туманлари ва Қарши шаҳри) сайёр қабуллар ўтказди. Уларда 360 кишининг турли мазмундаги мурожаатлари тингланди.

Қабул қилинган мурожаатларнинг 77 таси ижтимоий ва иқтисодий, 15 таси уй, моддий ёрдам масаласида, 10 таси қурилиш, коммунал ва бошқа иқтисодий соҳалар, 15 таси тергов ва суриштирув, 17 таси суд қарорлари ва 27 таси суд қарорларининг ижроси, 93 таси маҳаллий ҳокимият ва ўзини-ўзи бошқариш органларининг ҳаракатлари ҳамда 106 таси бошқа масалаларга тааллуқли.

Сайёр қабулларда 62 кишининг мурожаатлари жойида ҳал қилинди, 46 нафарига ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 252 нафарининг мурожаати текшириш учун қабул қилинди.

Қабул жараёнида 4 кишига ногиронлик аравачаси, 2 кишига эшитиш мосламаси, 3 фуқарога ҳасса, 3 нафарига даволаниш учун бепул ордер берилиши таъминланди.

Бундан ташқари, иш сўраб мурожаат қилган 21 кишининг 4 нафари ишга жойлаштирилди, 17 нафари касбга ўқитишга йўналтирилиб, шундан 3 нафарига тикув машинаси берилди. Масалан, М.Ш. ва М.К. Ғузор тумани тиббиёт бирлашмасига навбатчи ҳамшира ҳамда А.Х. туман ободонлаштириш бўлимига уста вазифасига жойлаштирилди.

Фуқаро С.Х.нинг аризасига асосан Ғузор тумани Хумдон маҳалласида яроқсиз ҳолатга келиб қолган 300 метр йўлга шағал ва қум тўшалди.

Фуқаро З.Т.нинг ер масаласида қилган мурожаати жойида ўрганилиб, Шаҳрисабз шаҳар ҳокимининг ноқонуний қарорига нисбатан протест келтирилди.

Бош прокуратура томонидан барча мурожаатлар белгиланган муддатда кўриб чиқилиши назоратга олинган.