“Кредитимни маҳалла раиси ўзлаштирди”

14:00 - 18.03.2021

10

Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова 2021 йилнинг 10-13 март кунлари Сурхондарё вилоятида (Денов, Сариосиё, Қумқўрғон, Шеробод, Бойсун ва Термиз шаҳри) сайёр қабуллар ўтказди. Уларда 226 нафар фуқародан турли мазмундаги мурожаатлар қабул қилинди.

Қабул қилинган мурожаатларнинг 9 таси ижтимоий ва иқтисодий, 8 таси уй, моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий ҳимоя масаласида, 5 таси қурилиш, коммунал ва бошқа иқтисодий соҳалар бўйича, 59 таси тергов ва суриштирув, 51 таси суд қарорлари ва 62 таси суд қарорларининг ижроси юзасидан, 6 таси маҳаллий ҳокимият ва ўзини-ўзи бошқариш органларининг ҳаракатлари ҳамда 26 таси бошқа масалалар билан боғлиқ.

Сайёр қабул давомида 25 кишининг мурожаати жойида ҳал қилинди, 226 нафарининг мурожаати текшириш учун қабул қилинди. Масалан, Қумқўрғон тумани Қарсоқли маҳалласида яшовчи М.Э. контракт пулини тўлашга имконияти бўлмаётганини айтиб, тикув машинаси сўради. Унга тикув машинаси берилиши таъминланди.

Мурожаатларни кўриб чиқишда узоқ вақтдан буён ечимини топмаётган муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Қумқўрғон тумани Янгишаҳар маҳалласида яшовчи Н.О. собиқ турмуш ўртоғи Ш.Қ.дан алимент ундиришда ёрдам сўради. Унга қарздордан алимент пули ундириб берилди.

Музработ тумани Юртим жамоли маҳалласида яшовчи К.Х. унга ажратилган кредитни маҳалла раиси Н.Қ. ўзлаштиргани сабабли унга қонуний чора кўришни сўради. Шу куннинг ўзида туман прокуратурасининг Н.Қ.га нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарори ўрганилиб, бекор қилинди ва қўшимча текширув ўтказиш учун туман прокуратурасига юборилди.

Мурожаатларнинг 42 таси Бош прокурор ўринбосари томонидан назоратга олиниб, Бош прокуратуранинг тармоқлари, Республика ҳарбий прокуратураси, Тошкент шаҳар ва бошқа вилоят прокуратураларига юборилди.