Тўловчи ва олувчига бирдек қулай

18:00 - 18.03.2021

26

Мажбурий ижро бюроси органларидаги ижро ҳужжатларининг 24 фоизи алимент билан боғлиқ. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан 2021 йил 1 мартдан алимент мажбуриятлари бажарилишини масофавий мониторинг қилиш тизимини яратиш кўзда тутилган.

Янги тартибга кўра алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими алимент мажбуриятларининг банк ҳисобварағи билан интеграция қилинади.

Бунда бюро томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ҳар бир ундирувчи (алимент олувчи) номига банк картаси расмийлаштирилади ва алимент пули, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган алимент пули ушбу ҳисобвараққа ўтказилади.

Давлат ижрочиси алимент тўланаётганини мобил илова орқали мониторинг қилиб бориши мумкин бўлади.

Натижада:

– алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг ижроси ва алимент ундирилишини назорат қилиш ишлари қисман автоматлаштирилади;

– алимент тўловчи ва олувчиларга қулайлик яратилади;

– алимент тўловчилар устидан доимий (масофавий) назорат ўрнатилади;

– фуқаролар мурожаатларининг кескин камайишига эришилади.

Бу борада алимент олувчи 280 мингдан ортиқ фуқарога «Алоқабанк» бепул пластик карталарни очиш ишларини бошлаб юборди.

Яқинда мобиль алоқа воситаларидан фойдаланувчилар учун ҳам яна бир қулайлик яратилди. Энди «Google» тизими орқали «Play market» иловасидан MIB.uz  махсус дастурини юклаб олиш зарур.

Ушбу дастурга уланиш учун аввало телефон рақамингизни киритасиз, сўнг SMS хабардаги ҳимоя кодини тасдиқлайсиз. Кейин фуқаролик паспортингиз серияси ва рақамлари билан ягона электрон тизимга уланасиз.

Мазкур тизим орқали алимент ва бошқа қарзлар ҳақидаги маълумотларни олиш; республикадан чиқишга чеклов ўрнатилган-ўрнатилмаганини билиш; алиментнинг миқдорига аниқлик киритиш; ижро ишлари ва кўрилаётган чораларни кузатиб бориш мумкин.

Алимент масаласи ва шахсга доир маълумотларнинг хавфсизлиги учун 4 рақамдан иборат махсус ҳимоя коди мавжуд.