Худо урган назоратчи

12:00 - 17.03.2021

6

Коррупцияга қарши курашиш мақсадида департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан 2020 йилда 56 та тадбир ўтказилди. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда фуқаро Н.Д.нинг мурожаати бўйича ўтказилган тадбирда Тошкент вилояти давлат молиявий назорати бошқармасининг бўлим бошлиғи ўринбосари Илҳом Норматовнинг қилмиши фош этилди.

Янгийўл шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти ихтисослаштирилган маданият мактабининг харажатлар сметаси ва молиявий хўжалик фаолиятини ўрганиш учун шаҳар прокуратураси томонидан вилоят давлат молиявий назорати бошқармасига мутахассис ажратиш тўғрисида хат жўнатилади. Унга асосан бошқарма бу ишни И.Норматовга ишониб топширади.

Мактаб фаолиятини ўрганиш жараёнида у 27 млн. 976 минг сўмлик молиявий хато ва камчиликларни аниқлайди. И.Норматов мазкур ҳолатни текшириш далолатномасида акс эттирмаслик эвазига мактаб директори Ф.Аҳмаджоновадан 2 минг доллар сўрайди. Директор ўша пайтда бунча пули йўқлигини айтиб, унга 6 млн. сўм беради. Бу пулни чўнтагига урган И.Норматов ундан яна 1400 доллар беришини талаб қилади. 

Шунингдек, И.Норматов текшириш жараёнида аризачи Н.Д. билан боғлиқ яна бир молиявий хатони ошкор қилади. Яъни мактаб ётоқхонаси коменданти бўлиб ишлаётган Н.Д.га тунги навбатчи Г.Х.нинг ҳам вазифаси оғзаки тарзда юкланади. Шундан сўнг аслида ишга келмаган ходимга ойлик маош ёзилади ва Г.Х.нинг пластик картасига тушган пулни Н.Д.га бериб туришади. Оқибатда аслида ишламаган фуқарога 14 млн. сўм иш ҳақи тўлаб юборилади.

Ушбу ҳолат И.Норматовга қўл келади. У буни текшириш далолатномасида акс эттиришини маълум қилади. Акс эттирмаслик учун директордан 3 млн. сўм пора талаб қилади. Директор унинг талабига кўнади ва пулни ётоқхона коменданти Н.Д.дан сўрайди. Аслида комендант бу пулни меҳнати эвазига олаётган эди. Шунинг учун Н.Д. мазкур ҳолат бўйича тегишли жойга мурожаат қилади.

Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ўтказган тадбирда аввал Ф.Аҳмаджонова 3 млн. сўм пулни олаётганида ушланди. Сўнг тадбир давом эттирилди ва И.Норматов ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, судга тақдим этилди ва жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, И.Норматовга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ф.Аҳмаджоновага эса мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 2 йил синов муддати белгиланди.