Борига шукур…

18:30 - 17.03.2021

8

Қўшним Мунаввар опага роса раҳмим келади. Эри Ғиёс ака шунақаям қўрс, баджаҳлки, бечорани кўз очиргани қўймайди. Болалари ҳам отасидан қўрқиб, оёқ учида юришади…

Қайси куни яна тонготар тўполон бўлди. Ғиёс ака кимнидир сўкди, қўлига илашган идиш-товоқни отиб синдирди. Ҳартугул, тонгга яқин тинчиб қолди-ю биз ҳам ҳаловат топдик.
– Бардошингиз тошданми дейман, опа? – эртасига Мунаввар опани учратганда гап қотдим.
– Шу пиёниста, танбал эрни нима қиласиз? Бир жойда ишлаб нон топиб келмаса… Сизу болаларингизга кун бермаса…

– Қўйинг, қўшни, борига шукур, – Мунаввар опа ийманибгина рўмолининг учини лабига босиб оғир тин олди. – Қамоқда шунақа… асабий бўлиб қолган. Эрсизлик қурсин, ўргилай… Бошингда минг бир иғво ўрмалайди. Эринг бўлса, сен ҳақингда ўйлаб роқ гапиришади. Болалар ҳайиқиб турса яхши-да отадан…

Унинг гапларини маъқуллаб-маъқуллаб хайрлашдим. Кечга бориб яна тўполон бошланди. Бу гал Ғиёс ака қўлига кирган нарсани Мунаввар опага қараб отар, уни турткилаб ҳайдарди:
– Йўқол, ифлос, сендақа хотиннинг менга кераги йўқ! Шу озгина ароқни қизғондинг-а, мендан яширдинг-а, сен хотин?! Бор, кўзимга кўринма!
Турмуш ўртоғим ажратгани чиқмоқчи эди, тўхтатдим:
– Қўйинг, ўзлари келишиб олишар… Жаҳли чиқиб турганда сизга ҳам қаттиқ гапириб юбормасин.

Йўқ, бироздан кейин ўзимнинг кўнглим бўлмай хабар олгани чиқдим. Эшик очиқ. Хоналар бетартиб. Ғиёс ака муштига таянганча хонтахта ёнида ўтирибди. Мунаввар опа негадир кўринмайди. Қўшним ўрнида ўтирганча салом-алик қилди. Хотинини сўрагандим, хушламай жавоб берди:
– Юргандир бирор қўшниникида ивирсиб. Ҳаял ўтмай мушукка ўхшаб кириб келади болаларини етаклаб…

Жавоби қонимни қайнатиб юборди. Ҳар қанча ўзимни босмай, нафратим тишларим орасини ёрди:
– Ҳайф сизга шундай хотин, қўшни! Ҳамма ҳавас қилгудек бўлса у киши. Сиз бўлса нуқул хўрлайсиз! Нима айби бор бечоранинг?! Йўғингизни яшириб, борингизни ошириб, рўзғорингизни бутлаганими айби?!
Ғиёс ака кўзларини катта-катта очганча ҳайрат билан менга қаради. Бунақа муомалани кутмаган чоғи. Мен эса эшикни тарақлатиб ёпганча ортимга қайтдим.

Анчадан кейин эшик қўнғироғи жиринглади. Турмуш ўртоғим билан кетма-кет меҳмонхонага кириб келаётган ранги бир аҳвол Ғиёс акага кўзим тушди-ю, хушламайгина саломлашдим.
– Келин анчагина бетгачопар экан… – ҳазин кулиб эримга қаради у мен узатган бир пиёла чойни стол устига қўяркан. – Ҳеч ким менга шунақа гап гапирмаганди… Жон-жонимдан ўтиб кетди гаплари. Кейин… ҳақ эканини ҳам тан олдим…

– Уйим-жойим деб тиним билмайди бечора. Бирор марта сиздан нолиганини эшитмаганмиз. Аксинча, доим мақтайди, – яна бўш келмадим мен. – Мисқоллаб обрў йиғса-ю, сиз зумда йўққа чиқараверсангиз, бу ёғи қандоқ бўлди, қўшни?!

Ўша зормандани яширган бўлса, сизни деб, соғлиғингизни, тинчликларингизни деб қилгандир?!
Қолаверса, болаларини ўйлагандир. Қаранг, бечоралар сиздан қўрқиб, оналарининг пинжидан паноҳ қидиришади…
– Болаларнинг онаси у эмас…
– Ғиёс ака ерга қараб минғирлади. Унинг анча шашти пасайган, ўзини гуноҳкор сезаётгани ҳаракатларидан сезилиб турарди.
– Мунаввар туғмаган уларни…
Қўшнимдаги бояги ҳайрат энди менга кўчди.
– Нима дедингиз? Болаларнинг онаси…

Қизиқ, Мунаввар опа қўшни бўлиб кўчиб келганларига тўртбеш йил бўлган эса-да, бу ҳақда оғиз очмаганди.

Ғиёс ака бир турмуш ўртоғимга, бир менга қаради-ю, яна тилга кирди:
– Болалар биринчи рўзғоримдан. Онаси ташлаб кетган бизни… Мунавварга уйланганимда кичкинаси уч ёш эди. Каттаси олти ёш. Онам раҳматли «Ойинг узоққа кетган, отанг келса албатта қайтади» деб уларни овутиб юрган экан, қамоқдан қайтганимдан ке йин «ойим ни олиб келинг» деб тўполон бошлашди. Онаси Россия га кетиб қолган, иложсиз эдим. Бир куни холам гап топиб келди:
– Қўшни маҳалламизда бир жувон бор. Ўзи туғмаган, иниларининг эшигида ўтиради. Ёш бўлсаям аччиқ-чучукни кўп кўрган. Агар Ғиёсжон рози бўлса…

Ҳафта ўтмай Мунаввар хонадонимиз аъзосига айланди. Болалар онаси қайтиб келганидан хурсанд, унинг атрофида гирдикапалак. Топганларини оналарига илинишади. У ҳам болага ташна эканми, болаларимга ёпишди-қўйди.

Тонг саҳарлаб ҳовлини тартиб лайди, мол-ҳолга қарайди. Мени ишга, ўғлимни мактабга кузатгач, қизчамни етаклаб ишга жўнайди. Боғчада ишламайдими, кунда-кунора болаларни деб бир нималар олиб келади. Ки йим-бош тикади. Ҳеч фурсат ўтмай уйимизга файз, рўзғоримизга барака кирди. Мени кўрганлар яқинда қамоқдан чиққан демайди. Ки йимларим жойида, тўлишиб чиро йим очилган. Бир куни ишдан келаётсам, зонада бирга ўтирган ошнамни учратиб қолдим. Учрашганимизни ювдик, кейин меҳмондорчиликни давом эттириш учун бир жойга бордик.

У ерда рус миллатига мансуб бир аёл билан танишиб қолдим. Хуллас, шу куни ўша ерда қолиб кетдим…

Мунавварни алдаш осон, эртасига шеригимнинг ўрнида ишладим десам, лаққа ишонди. Унга ҳеч нарсани билдирмадим, лекин шу кундан бошлаб ўша аёлга ўрганиб қолдим. У билан учрашувлар ичкиликсиз ўтмасди. Натижада алкаш бўлиб қолдим. Доимий маст-аласт келишимга индамай юрган Мунаввар ниҳоят бир куни портлади:
– Бас, етар, энди ичманг! Нима етишмаяпти сизга, нимадан сиқиласиз? Нега дилингизни менга очмайсиз? Ишхонангизда бинойидек обрўнгиз бўлса…

Бунақа ичиб юраверсангиз, ким деган одам бўласиз?
– Сен аралашма менинг ишимга!.. – уни силтаб ташладим. – Ичсам, ўзимнинг пулимга ичаяпман. Ё болаларни боқиш малол келаяптими?!

Мунаввар жим қолди. Шу билан бу мавзуда гап очмади. Йил ўтмай обрўмга путур етиб, ишдан ҳайдалдим. Топишимнинг мазаси йўқ… Энди Лена ҳам қуруқ қўл билан уйига киритмай қўйди. Яна Мунавварнинг топганига термулиб қолдим. Бу орада онам қазо қилди. Кейин ҳовлининг устидан қарз олиб ича бошладим. Охир-оқибат ҳақдорлар ҳовлини тортиб олишди.

Бу ерга кўчиб келишимизга ҳам мен сабабчиман. Борим ҳам, йўғим ҳам шу хотиним. Лекин негадир буни тан олгим келмайди. Агар ўшанда у менга, болаларимга меҳр кўрсатмаганда, аллақаёқларга бадарға бўлиб кетардим. Энди эса кеч, ҳеч ерга боролмайман. Ичмасам, дард хуруж қилади… Қийналиб кетдим ўзим ҳам. Шунинг учун бор аламимни ароқдан оламан…

Отам онамни бир пайтлар хўрлаб ташлаб кетган экан. Бировларнинг уйида юмушларини қилиб катта бўлганман. Ёшлигимда қилмаган ҳунарим қолмаган. Асабларим жойида эмас.

Салга биров билан жанжаллашиб кетаман. Бир куни қўшним билан гап талашиб, бошига бир урганимни биламан… Қамалгач, яна руҳий ҳолат… у ёқнинг шароитини биласиз. Хуллас, мен каби телба бир одамга умрини бағиш лаган бу хотин. Дилимда уни ардоқлагим келса-да, феълимни ўзгартиролмадим. Яна шу кунларимга, ҳаётимдаги чигалликлару хиёнатларга у сабабчидек, хўрлагим, тўйиб-тўйиб ичиб, хумордан чиққунча ургим келаверади…

Қаршимда ҳаётини сўзлаб ўтирган қўшнимга ҳам ачиндим, ҳам нафратланиб кетдим ундан. Бировларнинг, қолаверса, ўзининг айби учун аламини шўрлик аёлдан олаётган бу эркакка нималардир дегим келди-ю, тилимни тиш ладим. Чунки дилига шайтон ин қуриб олган инсонга минг тўғри йўлни кўрсат, тушунмайди. Хаёлан Мунаввар опага бардош тиладим…

Эртасига бозорхалта кўтарганча ишдан қайтаётган Мунаввар опани учратдим.
– Вой, қўшни, бормисиз?!
Икки-уч кундан бери кўринмайсиз-а, тинчмисиз?! Соғлиғингиз яхшими? Ғиёс акангизга озгина гўшт-ёғ олиб келаяпман. Янги саб завотлар билан бир шўрва қилиб берай. Қамоқда совуқ ўтиб кетган, у ёқ-бу ёқлари оғриб туради денг… Шўрвадан терлаб-терлаб ичса, тани яйрайди. Сиз ҳам чиқинг, қўшни! Оғир юкни кўтарганча уйига ошиқаётган қўшним кечаги кўнгилсизликни сездирмади ҳам ҳатто. Аёл матонати-ю садоқати олдида лол бўлганча туриб қолдим.

Азизим аёл! Сизнинг бардошингизни тоққа, меҳрингизни дарёга қиёслашади. Кўз очиб юмгунчалик берилган умр ўзингизни ўту чўққа уриб, болам, уйим- жойим, оилам дея ўтганини сезмай қоласиз. Сиз уйда бека, мунис она, идорада ходим, раҳбар, жамиятда ўз ўрнига эга шахссиз. Гулдек нозик елкаларингиз бу вазифалардан толдим демайди.
Ҳа, Абдулла Орипов бежиз айтмаган:
Шундайлар бўлмаса агар дунёда, Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл…

Нилуфар НИЁЗОВА,
«Huquq»