“Картангиздан ечиб оламан…”

16:30 - 16.03.2021

5

Ҳаётдаги нисбийлик нуқтаи назаридан қараганда, ҳеч бир оқибат сабабсиз бўлмайди. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Когон тумани бўлими мониторинг гуруҳи катта инспектори лавозимида ишлаб келган Умиджон Нурматов ҳам нафсига эрк бергани боис суднинг қора курсисига ўтирди.

Нурия Гильфанова Россияга кетгач, 2019 йил июль ойидан 2020 йил июнь ойигача бўлган пенсия пулини унинг турмуш ўртоғи Фармон Нарзиев олмоқчи бўлди. Ўз навбатида  Ф.Нарзиевга холаси Х.Худойқулова маслаҳат берди.

Пенсия идорасига келишганда Х.Худойқуловага керакли ҳужжатларни тайёрлашни айтганда бу ишдан пул ишлаб қолса бўлиши ҳақидаги фикр У.Нурматовнинг миясига ўрнашиб олди.

– Мана, ариза, паспорт нусхаси, – деди аёл ҳозиржавоблик билан

– Ҳмм, ана энди банкдан пластик карта очтирсангиз, келгуси ой пенсия пули ташлаб берилади. Яна бир гап. Пластик картадан мен хизмат ҳақимни ечтириб оламан-да…

Х.Худойқулова билан тез келишиб олишди. Орадан икки-уч кун ўтгач, Ф.Нарзиев У.Нурматов сўраган пулни келтирганини айтди.

– Пулни машинада қолдиринг, – деди Умид Нурматов қилмишини биров сезиб қолмаслиги учун. Бироқ ғишт қолипдан аллақачон кўчганидан хабари йўқ эди.

У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланганида қилмишининг оқибатини билиб пушаймон қилди. Бироқ каттами, кичикми – жиноятга жазо муқаррар.

Суд ҳукмига биноан У.Нурматовга икки йил ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди. Ҳар ой иш ҳақининг 20 фоизи давлат ҳисобига ўтказиладиган бўлди.