Марҳуманинг кундалиги

14:30 - 15.03.2021

13

Ҳазорасплик М.М. рашкчилиги туфайли турмуш ўртоғи Д.Ж.га узоқ йиллар азоб бериб келди. Ёши элликка бориб, уч ўғли вояга етгани-ю неварали бўлгани ҳам унинг аёлига муносабатини ўзгартирмади. Кўчага чиқишини, тўй-маъракаларга боришини тақиқлаб қўйди. Ўзи эса кўпинча Россияга ишлаш учун кетарди. Охирги пайтларда қарзи кўпайиб кетганини баҳона қилиб, оиласига пул жўнатишни ҳам канда қилганди. Нима учундир унга хотини онасини ўлдириб қўядигандек туюлаверарди.

Пандемия туфайли 2020 йилда хорижга кетмасдан, уйда қолди. Аммо ҳар кун жанжал билан ўтиши эр ва хотинни руҳан толиқтириб қўйганди. Ана шундай жанжалларнинг бирида М.М. турмуш ўртоғини ўлдиришга аҳд қилди. Долонда турган темир билан аёлини урди. Ҳушидан кетган аёлга раҳм қилиш ўрнига юрагига пичоқ санчди.

Пичоқни ва қонли қўлларини ювиб, нима қилиб қўйганини англаган эркак ички ишлар бўлимига йўл олди.

Тергов жараёнида оилада можаролар узоқ йиллардан бери давом этиб келгани, М.М. фарзандлари кичкиналигида уларни ҳам уриб, азоб бергани ойдинлашди. Фарзандлари уйдан топиб олган Д.Ж.нинг кундалигини терговчига тақдим қилди. Уларда М.М.нинг аёлини ҳақоратлаб, уриб келгани тасвирланган эди.

Прокуратура органлари тергов ўтказганидан сўнг иш судга тақдим этилди. Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани суди М.М.ни 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.