Хотинини тўлғоқ тутгандан фойдаланди

12:00 - 15.03.2021

11

Каттақўрғонлик Абдурасул 2018 йилда Чироқчи тумани Сўпи қишлоғида яшовчи Жонгулга уйланди. Оила ташвиши бошига тушгач, рўзғорга тўрт-беш сўм ишлаб келай деб Россияга кетди. Бироқ у ердан қуп-қуруқ қайтиб келди.

Бу пайтда хотини Жонгул ҳомиладор бўлиб, Сўпи қишлоғида ота-онасиникида яшаётганди. Абдурасул ҳам қайнотасининг уйида яшай бошлади.

Ўшанда Абдурасулнинг қайтганига бир ойча бўлганди. Эрталаб Жонгулни тўлғоқ тутди. Куёв қайнонаси билан уни Кўкдаладаги шифохонага олиб борди. Бироқ вақт чошгоҳдан ўтмай туриб қайнотасининг уйига қайтди.

Тахмин қилганидек, қайнотаси далага мол боқиб кетган экан. Эшик қулфини отвёртка билан очиб, ичкарига кирди. Қайнотасининг хонасидаги сандиқни қулфини қўпориб очиб, ичидаги пулларни чангаллади…

Қайнотасининг 19 млн. 600 минг сўмини чўнтакка урган куёв Сурхондарёга йўл олди. Шеробод туманида яшовчи таниши орқали Турдимурод Абдуваҳобовдан «ВАЗ-2106» русумли автомашинани 12 млн. сўмга сотиб олди.

Эртаси куни машинада Чироқчига қайтган Абдурасулни анча нохушлик қаршилашди. Туман ички ишлар бўлими ходимлари қайнотаси уйидан пули ўғирлангани ҳақида арз қилганини, шу ўғирликда гумон қилинаётганини айтишди. Куёвнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Ўғирлик қилганини тан олди. Миниб келган машинаси ҳам шу пулга олинганини маълум қилиб, ёнида ўғирланган пулдан қолганини чиқариб берди…

Суд ҳукмига кўра Абдурасул Мирзаевга 3 йилу 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.