«Гендан ўтибди-да»

11:00 - 15.03.2021

21

Гоҳида бирор одамнинг феъли ёки касаллиги ҳақида гап кетганда «суяк сурибди» ёки «гендан ўтибди-да?!» деган гапларни эшитиб қоламиз. Гап шундаки, ота-онадан фарзандга қон орқали ДНК ҳам ўтади. ДНК нима ўзи деган савол туғилиши мумкин. Дезоксирибонуклеин кислотаси (ДНК) тирик организмлар ҳужайраларининг ядросида макон топган юқори полимер бирикма бўлиб, унда генетик ахборотлар мужассам бўлади.

Ген эса ирсиятнинг элементар бирлиги ва моддий асоси бўлиб, организм белги ва хусусиятларини наслдан наслга ўтказиш функциясини бажаради. Ген ДНК молекуласининг бир қисми ҳисобланиб, тирик ҳужайра оқсилларидан бирининг тузилишини белгилаб беради ва шу оқсиллар орқали айрим белги ёки хоссаларнинг ривожланишини таъминлайди.

Ҳужайралар бўлинганда янгиларини ҳосил қилади ва бу ҳолат такрорланиб бораверади. Шу билан бирга, аввалги ҳужайралардан янги ҳужайраларга наслий белгиларнинг ўтиши таъминланади. Авлодлар алмашинувида ҳам шундай наслий белгилар ўтиб боради. Масалан, соч, кўз, тана ранги кабилар. Бундан ташқари, генлар орқали турли касалликлар ҳам ўтиши мумкин. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, айрим генлар уйқу, бошқалари эса актив ҳолатда бўлади. Яъни ҳар бир инсоннинг миясида «роҳат маркази» бўлиб, унда, масалан, шизофрения, алкоголизм ёки мусиқа, расм чизиш, спорт кабиларга мойиллик бўлиб, улар деярли уйқу ҳолатида бўлади. Шу сабабли кўпинча ташқи муҳит таъсирида ана шу уйқудаги генларнинг уйғониши кузатилади. Бунга мактаб даврини мисол қилса бўлади: ўғил болаларнинг аксарияти бир марта бўлса-да сигарет чекиб кўради. Аммо айримлари икки-уч марта чекиб кўргач, бу иллатга умрининг охиригача яқинлашмайди. Қолганлари эса ашаддий кашандага айланади. Айнан шу жиҳатга хорижда алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, ишга кирмоқчи бўлган номзоддан аноним тарзда тест олиниб, унинг мойилликлари аниқланади. Шунга қараб ишга қабул қилинади ё рад жавоби берилади.

Бундан ташқари, айтайлик, бир боланинг тўртинчи ёки бешинчи аждодида кимдир кураги ерга тегмаган полвон ўтган, яна кимдир адабиётга қизиққан бўлиши мумкин. Ана шу хусусиятлар вақти келиб болада намоён бўлади. Ўтказилган тадқиқотлар натижасида олимлар боланинг келажакда ким бўлиб етишида 60-70 фоиз генларнинг, қолганида эса ташқи муҳитнинг таъсири бўлишини қайд этишган.

Мисол тариқасида иқтисодий қийинчиликка дуч келиб қолган бир оилани олсак. Оила аъзоларининг барчаси сабр қилиб турганда, фарзандлардан биттаси юқорида қайд этилганидек ташқи муҳитнинг таъсирига тушиб қолиши мумкин. Дейлик, оила иқтисодига ёрдам бериш учун бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланмоқчи бўлади. Бироқ ошналари бу ҳақда эшитиб, «Қўйсанг-чи шу ишингни! Яхшиси бирор бойваччанинг уйига тушсак, бир ойда топадиганинг бир кунда чўнтагингга тушади!» дейиши билан ундаги ухлаб ётган ген уйғониб, ўғирликка мойиллик пайдо бўлади. Аммо унинг ака-укалари бу йўлга асло қадам қўйишмайди.

Қайд этиш лозим, сўнгги пайтларда юртимизда геннинг аждодлардан авлодларга ўтиш жараёнини ўрганиб, бундан ўзбек спортини ривожлантиришда фойдаланиш ишлари йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Олимпия қўмитаси қошида республика спорт тиббиёт маркази очилиб, қўмита президенти Мираброр Усмоновнинг ташаббуси билан «Спорт тиббиет генетикаси» лабораторияси ҳам ташкил этилган эди. Ишни хориж, асосан Европа, Россия, Хитой тажрибасини ўрганишдан бошладик. Маълум бўлишича, Хитойда бу масалага илмий ёндашилган экан. Бунинг учун машғулотларга қатнашаётган болалардан анализ олиб, спортнинг қайси турига мойиллик кучли экани, қай бири эртага жаҳон ареналарига чиқадиган спортчи бўла олишини аниқлашни йўлга қўйишибди. Албатта, улар бу даражага етиш учун бир неча ўн йиллаб вақтларини кетказишган.

Хуллас, айни пайтда юқори технологиялар марказида турли касалликларга мойил генларни Ўзбекистон популяциясида ўрганиш йўлга қўйилган, шунингдек,  республика спорт тиббиёт маркази лабораториялари ҳам шу йўналишда фаолиятини давом эттирмоқда. У ерда болаларнинг келажакда нафақат таниқли спортчи бўлиши, балки қай касаллик билан оғриши мумкинлигини ҳам аниқлаб, бунинг олдини олиш чоралари устида иш олиб борилмоқда. Албатта, юзта номзодга вақт кетказгандан кўра келажаги бор беш нафарини аниқлаб, уларни катта спортга тайёрлаш ўта муҳим. Бу йўналишда фаолият юритаётган олимларимизнинг мақсади эса мамлакатимиз байроғи жаҳон ареналарида ҳилпирашига муносиб ҳисса қўшишдир.

Рустам Муҳамедов,

биология фанлари доктори, профессор.