Ёмонликнинг зарари етти авлодгача боради

14:30 - 14.03.2021

93

Ҳазрати пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун одамзотга яхши муомала қилишга буюрган. Демак, динимизнинг жавҳари, асл моҳияти инсон зотини севишдир. Ҳар бир инсон Аллоҳнинг йўқдан бор қилган бандасидир. Бинобарин, инсоннинг жисмида, табиатида ҳеч қандай фарқ йўқ, аммо гап унинг сифатида. Гуноҳкор инсоннинг бири кофир, бири мунофиқ, бири мушрик, бири фосиқ, бири фожир, бири қотил, бири ғийбатчи, бири ёлғончи, бири ҳаромхўрдир.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ «Гуноҳ қилган одам ҳақида яхши гумонда бўлиш авлиёларнинг хислатидир» дейди. Шунинг учун бир гуноҳкор билан тортишиб қолсангиз, уни ёмон кўриб, ўзингизни ундан баланд олманг, чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сизнинг гуноҳларингизни яшириб тургани учун сиз бошингизни баланд кўтариб юрибсиз. Эҳтимол, сиз кўрган гуноҳи унинг учун охиргисидир, балки у тавба қилиб, Аллоҳнинг ризосини топар? Аммо сизнинг ибодатингиз ҳам охиргиси бўлиб қолиши, залолатга кетиб, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиб қолишингиз ҳам мумкин-ку. Шунинг учун бир инсонга муомала қилганда у қилган гуноҳга қараб муомала қилиш керак эмас. Аввало унинг инсонлигини эътиборга олиш лозим. Мана шу амал суннатдир.

Нима учун динимиз қўполликдан, ҳақоратдан, сўкишдан қайтаради?

Ибн Касир тақво ҳақидаги оятларнинг тафсирида «Тақводорлик авлодларга таъсир қилади. Аллоҳ тақводор, солиҳ одамнинг етти пуштини муҳофаза қилади» деб ёзган. Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг тарихида Хизр алайҳиссалом билан бирга икки етим бола яшайдиган уйнинг деворини тузатиб қўйгани айтилган. Аллоҳ таоло иккита азиз бандасини – уларнинг бири пайғамбар, бири илми ладуний ато этилган зот – ухлаб ётган икки етимга текин мардикор қилиб қўйди. Нима учун? Бунинг ҳикмати шу эканки, ўша етимларнинг отаси солиҳ одам бўлган экан. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шу оятнинг тафсирида «Ўша икки етимнинг бевосита туғдирган отаси эмас, еттинчи аждодидаги бобоси солиҳ зот бўлган» деб келтиради. Умуман, бир ёмонликнинг етти пуштга уриши, етти пуштини суриштириш деган истилоҳ бекорга қўлланмайди. Авлодлар орасида етти пуштгача ўзаро алоқалар бўлади. Қайси бир суҳбатимизда инсоннинг уруғи орқали нафақат қон, суяк, тирноқ, соч каби белгилар, балки ирсий маълумотлар ҳам ўтади деган эдик. Буни бугунги куннинг юксак тараққий этган генетика, психогенетика фани тасдиқлаб турибди, таърифлаб бераяпти. Демак, бу ижобий таъсир Қуръон ва суннатнинг, илмнинг маҳсули экан. Аммо яхшилик етти пуштга етганидек, ёмонликнинг зарари етти авлодгача бориши ҳам бор гап.

Россиялик олимлар бир янгиликни ихтиро қилиб, ундан ўзлари ниҳоятда ҳайратланишган экан. Улар одамзот ёмон гап гапирса, уят сўз айтса, бировни сўкса, ҳақорат қилса, бу нарса ўша заҳоти ўша одамнинг ҳужайраларига таъсир қилишини аниқлашган. Ёмон сўзлар айтилганда ҳатто инсон ўзини ўзини нобуд қилиш ҳолатига ҳам тушиб қолар экан. Дарҳақиқат, доимо сўкиш, ҳақорат билан, куфр сўзлар билан яшаб ўтган одамнинг ҳаётида ҳеч бир яхшилик бўлмаганини кўрасиз. Чунки у ўзини ўзи барбод қилаяпти, қонини, генини бузаяпти. Бу бузилиш унинг етти авлодигача мерос бўлиб қолади.

Бундан олдинроқ япон олимлари ёмон сўзлар сувнинг таркибига таъсир қилишини исботлаб беришган эди. Масуру Эмото деган олим бир идишга сув қуйиб, тажриба ўтказди. Сувнинг олдида яхши гаплар айтсангиз, микроскопда унинг молекулалари чиройли кристалларга айланаяпти. Ёмон сўзлар, сўкишлар, ҳақоратлар айтилса, сувдаги кристаллар бузилиб кетаяпти. Бу биздаги Қуръон ўқиб сувга дам солишнинг худди ўзи. Фотиҳа сурасини 1000 марта ўқиб сувга дам солинса, унинг шифо бўлиши шундан экан. Чунки сувнинг таркиби бутунлай ўзгариб кетиб, шифобахш хусусият касб этар экан. Бу хусусият энди кашф этилибди, ваҳоланки пайғамбаримиз бундан ўн тўрт аср муқаддам Қуръоннинг шифо эканини айтиб кетган.

Демак, ёмон сўз айтилса, инсоннинг қонида, генетик жиҳатдан унинг молекулаларида ўзгариш бошланади. Маълумки, ген авлоддан авлодга ўтади, кўзимизга кўринмаса ҳам ота-она ва фарзандлар ўртасида мустаҳкам алоқа бўлади, ирсий маълумотлар ўтиб туради. Айниқса, бола вояга етаётган даврда ота-онасига бевосита боғлиқ бўлади.

Фан-техника тараққиёти динимизнинг ана шундай буюк ҳақиқатларини кашф қилмоқда, буни ғайридин олимлар ихтироф қилишаяпти. Лекин, минг афсуски, шу муқаддас диннинг баъзи вакиллари нафақат ғайридинларга, балки ўзининг биродарига, миллатдошига, ватандошига ҳасад, адоват, гина билан қарамоқда. Ваҳоланки, динимиз инсониятга бағрикенгликни ўргатиш учун юборилган.

Динимизда шунингдек, инсон тугул ҳайвонга ҳам озор бериш йўқ, ҳайвон тугул набототга бесабаб зарар етказиш йўқ. Ҳатто урушда, инсон ҳаётига хавф туғилиб турган вазиятда ҳам боғ-роғларни бекорга йўқ қилишдан, дарахтларни беҳуда кесишдан қайтарилган. Шунинг учун ҳам бугунги мураккаб даврда ўз ахлоқимиз билан динимизнинг беқиёс фазилатларини намоён қилиш зиммамизда фарз бўлиб турибди.

Буюк  аждодларимизнинг маданият ва маърифатидан баҳраманд бўлган халқимиз иймон-эътиқод, одоб-ахлоқ, меҳр-мурувват, оила, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати ва иззати борасида ўзига хос кенгфеъллик, саховат ва мўътадиллик тамойилларига амал қилиб келмоқда. Аллоҳ таоло юртимизда яшаётган барча халқлар тинчлик, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида мададкор бўлиб, ватанимизни турли бало ва офатлардан сақласин. Аллоҳ ўзи бизларни ҳақ динидан айирмасин!

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент ислом институти ўқитувчиси, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби.