ННТлар фаолияти такомиллашади

15:30 - 12.03.2021

51

Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш борасида кўп ишлар қилинмоқда. Ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий база ҳам такомиллаштирилаяпти. Президентимизнинг 2021 йил 4 мартдаги «2021 – 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ана шу ишларнинг узвий давоми бўлди.

Дастлаб мазкур фармонда қайд этилган айрим рақамларга тўхталсак. Охирги тўрт йилда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 1270 дан ортиқ лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджетидан 117 миллиард сўм пул ажратилди. Шунингдек, ННТларнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилиб, 20 га яқин қонун ҳужжати қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ННТлар манфаатини ифода этиш, давлат билан улар ўртасида кўприк вазифасини бажаришга қаратилган Жамоатчилик палатаси ташкил этилди.

Аҳоли билан мулоқот қилишнинг самарали воситаларини жорий этиш мақсадида давлат органларида жамоатчилик кенгашлари тузилди. Бундан ташқари, мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишга муносиб ҳисса қўшган ННТлар вакилларини рағбатлантириш мақсадида «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилди ҳамда 126 киши ушбу мукофот билан тақдирланди. Кўрилаётган чоралар натижасида сўнгги тўрт йилда фуқаролик жамиятининг энг асосий институти ҳисобланадиган нодавлат нотижорат ташкилотлар сони 20,7 фоиз ошди.

Мазкур фармон билан тасдиқланган концепциянинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:
– фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштириш;
– фуқаролик жамияти институтларига кўмак бериш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш;
– давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
– давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш;
– фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш.

Концепция ҳар икки йилда ҳукумат қарори билан тасдиқланадиган йўл харитаси орқали босқичма-босқич амалга ошириб борилади.
Фармонда қайд этилганидек, мақсадли кўрсаткичлар нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидия, грант ва ижтимоий буюртма шаклида қўллаб-қувватлашни 2021 йилда камида 20 фоиз, 2025 йилда 80 фоиз оширишни назарда тутади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига 2021 йилда 16 миллиард сўм, 2025 йилда 70 миллиард сўм ажратилади.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзолари сони жами ННТлар сонига нисбатан
2021 йилда 10 фоизга, 2025 йилда 30 фоизга етказилади.
ННТ томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан киритиладиган таклифларнинг умумий сони 2021 йилда 1000 тага, 2025 йилда 5000 тага етказилиши лозим. Мамлакатимизда эълон қилинадиган йилга оид давлат дастурида иштирок этаётган ННТлар сонини 2021 йилда 30 тага, 2025 йилда 50 тага етказиш кутилмоқда. Амалдаги жараёнларни соддалаштириш ва профилактик чораларни кучайтириш орқали ННТлар содир қилаётган ҳуқуқбузарликларни 2021 йилда 3,8 фоизга, 2025 йилда 19,2 фоизга камайтириш режалаштирилаяпти.

2021 йилда 50 та, 2025 йилда 250 та нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбарлари Давлат бошқаруви академиясида қайта тайёрланади ва малакаси оширилади.

1 апрелдан бошлаб ННТлар фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади ва унга кўра ҳар йил якуни бўйича ННТлар томонидан қилинган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмаларнинг самарадорлиги ва бошқа кўрсаткичларга асосан уларнинг рейтинги тузилади. Индексни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш адлия органларига юклатилди.

Бундан ташқари, ННТларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялари) мажлисида қатнашувчи доимий вакили институти жорий этилади. У фуқаролик жамияти ривожига ҳисса қўшган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган ходимлар орасидан Жамоатчилик палатаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

1 майдан бошлаб ҳомийлик маблағини марказлаштирилган ҳолда тўплаш ва тарқатиш мақсадида «Шаффоф хайрия» ягона интерактив портали ишга туширилади.

2021 йилда Қорақалпоғистонда, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида «Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи» ташкил этилади. Уларга янги, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларда фаолият юритаётган ННТлар текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади. Жамоатчилик палатасига Адлия вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда Ўзбекистоннинг Жаҳон хайрия индекси (The World Giving Index) бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Шерали МАҲМУДОВ,
департаментнинг Қуйичирчиқ тумани
бўлими бошлиғи