Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув

10:00 - 12.03.2021

264

Бугунги кунда илм, фан ва технологияларнинг жадал ривожланаётгани натижасида одамлар ўртасидаги ижтимоий муносабатларнинг турлари ва доираси кенгаймоқда. Жиноий-ҳуқуқий муносабатлар ҳам бундан мустасно эмас. Бинобарин, жиноятларни фош этиш, тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш тартибини ҳам ислоҳ қилиш зарурати туғилаяпти.

Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда жиноят ишларини юритишнинг анъанавий шаклларидан воз кечилиб, иш юритишни дифференциялаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Бош прокурорнинг қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўз гартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 675-қонун қабул қилинди ва 2021 йил 18 февралдан кучга кирди. Ушбу қонун билан Жиноят-процессуал кодексига айб га иқрорлик тўғрисидаги келишув институти 62¹-боб сифатида киритилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур институт бугунги кунда АҚШ, Германия, Франция, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларнинг жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган ҳамда суд-тергов амалиётида кенг қўлланади.

Қонунга кўра айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув ишни судга қадар юритиш босқичида ўзига нисбатан тергов органи томонидан билдирилган гумонга ёки айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва жиноят оқибатида етказилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчи, айбланувчи ва жиноят ишини юритишни назорат қилаётган прокурор ўртасида тузилади. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузилади. Агар гумон қилинувчи, айбланувчи содир этган жиноятларнинг лоақал биттаси ўта оғир жиноят бўлса, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш мумкин эмас. Айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги илтимоснома гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакил (агар ишда қатнашаётган бўлса) томонидан имзоланади ва ишни юритаётган суриштирувчи, терговчи орқали прокурорга берилади.

Прокурор илтимосноманинг келишув тузиш шартларига риоя қилинганини текширади, зарур деб топган ҳолларда жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарни ҳам келишув тузиш масаласини кўриб чиқиш учун жалб қилиши мумкин. Шу билан бирга, прокурор гумон қилинувчи, айбланувчига келишувнинг оқибатини, хусусан келишувга асосан ҳукм чиқарилганидан сўнг келишув шартларига риоя қилинмагани аниқланган тақдирда келишув бекор қилиниши ва суд ҳукми қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини тушунтиради. Айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш тарафларнинг ҳуқуқидир ва уларга бирон-бир мажбурият юкламайди. Хусусан, прокурор келишув тузиш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, келишув тузиши ёки келишув тузишни рад қилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан тергов органига билдирилган таклиф бўлиб, тарафларнинг тенглиги асосида тузилади. Келишув прокурор ҳамда гумон қилинувчи ёки айбланувчи, уларнинг ҳимоячиси томонидан имзоланади. Қайд этиш лозимки, келишув тузиш тўғрисидаги илтимосноманинг ўзи жиноят ишини судга юбориш учун асос бўлмайди, бунда суриштирувчи, терговчи жиноят айнан илтимоснома берган гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан содир этилгани, ушбу шахс бошқа жиноят содир этмаганлигига ишонч ҳосил қилиши, унинг айбини тасдиқловчи далилларни тўплаган бўлиши керак.

Келишув институтининг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, агар жиноят содир этганликда бир эмас, бир неча шахс гумон қилинаётган ё айбланаётган бўлса, келишув уларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида тузилади, бунда келишув бир хил шартлар асосида тузилиши талаб қилинмайди. Бу эса, ўз навбатида, келишув тузилаётган шахсга нисбатан жазо тури ва миқдорини танлашда одиллик принципини таъминлашга имкон беради. Шунингдек, агар келишув айрим гумон қилинувчи, айбланувчи билан тузилиб, айримлари билан тузилмаса, у ҳолда келишув тузилмаган гумон қилинувчи, айбланувчига тааллуқли материаллар жиноят ишидан ажратилиб, алоҳида иш юритувига олинади ва умумий қоидалар асосида тергов қилинади. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув имзолангач, айблов хулосаси (далолатномаси) тузилади ва прокурор томонидан тасдиқланиб, жиноят иши билан бирга судга юборилади.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноят ишлари қонун билан киритилган янги, ўзига хос хусусиятлар эътиборга олинган ҳолда умумий тартибда, судга келиб тушган вақтдан бошлаб бир ой ичида кўриб чиқилади.

Суд мажлисида прокурор, судланувчи ва ҳимоячиси иштирок
этиши шарт бўлиб, жабрланувчи (фуқаровий даъвогар) ҳам суд мажлисида қатнашиши мумкин, бироқ унинг судга келмагани ишни кўришга монелик қилмайди. Суд мажлисида прокурор келишув мазмунини эшиттириб, тушунтириб беради. Айбга иқрорлик келишуви тузилган жиноят ишларини кўриб чиқишнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, амалдаги қонунчиликда белгиланган, суд муҳокамасида далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашдан иборат исботлаш жараёнидан фарқли равишда, келишув тузилган ишларни кўриб чиқиш асосан далилларни баҳолашдан иборат бўлиб, судланувчи далилларни инкор қилмагани боис улар фақатгина суд зарур деб топган ҳоллардагина текширилади.

Суд келишув тузилган жиноят ишларини кўриб чиқар экан,
келишув тузишда гумон қилинувчи, айбланувчининг процессуал
ҳуқуқлари тўлиқ таъминланганини, келишув тузиш учун белгиланган талаблар бажарилган-бажарилмаганини, келишув ихтиёрий тузилганини, гумон қилинувчи, айбланувчи келишувнинг моҳиятини, шартларини тушунгани, унинг оқибатини англаб етганини, судланувчининг айни вақтда келишувни қувватлашини, жиноят оқибатида етказилган зарарни бартараф этиш чораси кўрилганини аниқлайди, судланувчи ва унинг ҳимоячисининг, прокурорнинг, шунингдек, зарур ҳолларда жабрланувчи (фуқаровий даъвогар)нинг фикрини эшитади.
Суд келишув тузилган жиноят ишларини кўриб чиққач, агар:
– келишувни тасдиқлаш учун асослар бўлмаса ёки келишув тузишда процессуал талаблар бузилган бўлса;
– келишувда судланувчи айбланган жиноятнинг малакаланиши билан келишмаса;
– судланувчининг айбдорлиги юзасидан асосли шубҳа туғилган бўлса;
– тарафлар келишувни тузишдан воз кечса, келишувни тасдиқлашни рад қилиш ва жиноят ишини умумий асосларда тергов қилиш учун прокурорга юбориш ҳақида ажрим чиқаради.

Бироқ суд келишув тузилган жиноят ишини кўриб чиққач, келишувни тасдиқлаш ҳақида тўхтамга келган тақдирда Жиноят-процессуал кодексининг 54-боби талабларига риоя қилган ҳолда айблов ҳукми чиқаради ва бу ҳақда ҳукмда кўрсатиб ўтади. Суд қарорларига нисбатан белгиланган тартибда (хусусий) шикоят ёки протест берилиши мумкин.

Шунингдек, ушбу қонун билан Жиноят кодекси ҳам 57²-модда билан тўлдирилиб, унда айбга иқрорлик тўғрисида келишув ту зилган жиноятлар бўйича тайинланадиган жазонинг муддати ёки миқдори Жиноят кодекси махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги кераклиги белгиланди. Мазкур норма шахсни содир этган қилмиши учун айбига иқрор бўлиб, жиноятларни фош қилишда, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда тергов органига ёрдам бергани учун қонун билан кафолатланган рағбатдир.

Таъкидлаш жоизки, миллий қонунчилигимизга киритилган айб га иқрорлик тўғрисидаги келишув институти тарафларни келишув тузишга мажбурламайди, келишув тузилмаган ҳолларда маҳкумнинг ҳуқуқларини чекламасдан, жиноят ишини соддалаштирилган тартибда юритиш, давлатнинг иш кучи ва харажатларини тежаш орқали айб учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашнинг яна бир имкониятидир.

Сардор ТОШНИЁЗОВ,
Бош прокуратура бошқарма
прокурори
Сайдулло АЗИМОВ,
Андижон вилояти прокуратураси
бўлим катта прокурори