Бир неча суд қарорлари бекор бўлди

17:30 - 11.03.2021

10

Ўтган йили Бош прокуратура томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, айниқса, узоқ вақтдан буён ечими топилмаётган мурожаатларни чуқур ўрганиб, уларда кўтарилган муаммоларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасида давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир, хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди деб белгиланган бўлса-да, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2017 йил 19 июлдаги ҳал қилув қарори билан Давлат активларини бошқариш агентлиги Бухоро вилояти бошқармасининг даъвоси қаноатлантирилиб, ҳозир «А» МЧЖга тегишли бўлган, автокорхона мулкий мажмуасини хусусийлаштириш билан боғлиқ 1994 йилдаги ҳужжатлар ва битимлар ҳақиқий эмас деб топилиб, ушбу мулклар олиб қўйилган. Ушбу фуқаролик иши судларда бир неча марта кўрилиб, Олий суд раёсатининг 2019 йил 25 июлдаги қарори билан юқоридаги қарор ўзгаришсиз қолдирилган.

Жамият раҳбари Б.С. Бош прокуратурага мурожаат қилиб, жамиятга тегишли 2,45 гектар ерда жойлашган объектлар суднинг қарорига асосан олиб қўйилгани натижасида тадбиркорлик фаолияти тўхтаб қолганини билдириб, суд қарорларига нисбатан протест келтиришни сўраган.

Олий суд раёсатининг қарорига нисбатан Бош прокурор томонидан 2020 йил 16 июнда назорат тартибида протест келтирилди ҳамда раёсатнинг 2020 йил 29 октябрдаги қарори билан протест қаноатлантирилиб, юқоридаги барча суд қарорлари бекор қилинди.

ФИБ Бухоро туманлараро судининг 2021 йил 25 январдаги ҳал қилув қарори билан Давлат активларини бошқариш агентлигининг даъвоси рад этилиб, уч ярим йиллик муаммонинг қонуний ҳал этилиши, тадбиркорнинг мулкий ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.