Ёшларга — кредит, аёлларга — тикув машиналари

15:30 - 11.03.2021

79

Самарқанд шаҳар прокуратураси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Касблар фестивалини ўтказди, тадбир доирасида меҳнат ярмаркаси уюштирилди. «1+1» лойиҳаси доирасида 107 нафар ишсиз ёшлар 34 та ҳунармандга, 69 та қиз 10 нафар тикувчига бириктирилди.

Бундан ташқари, 11-синф ўқувчилардан 100 нафари дарсдан кейин 10 та йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўқитилмоқда, ўқиш якунида уларга ишга жойлашиш имконини берувчи сертификат топширилади.

«Ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари»да рўйхатда турган ишсиз ёшлардан 361 нафари касб-ҳунар мактаби ва техникумларда ташкил этилган қисқа муддатли тайёрлов курсларига жалб қилинди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, улар билан ҳудудий бандлик бўлимлари, иш берувчи ташкилот ва профессионал таълим бошқармаси ўртасида тўрт томонлама шартнома имзоланган. Шартнома шартига кўра ишсиз ёшларни профессионал таълим тизимидаги мутахассислар ўқитади, ҳудудий бандлик бўлимлари стипендия тўлайди ва иш берувчи ўқув курси тугаганидан кейин ишга олиши шарт бўлади.

Касблар фестивали давомида «Ёшлар дафтари»га киритилган 20 кишига тадбиркорликни йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит ажратилиши ҳақидаги сертификат берилди, «Аёллар дафтари»га киритилган 3 нафар аёлга тикув машиналари топширилди.

Меҳнат ярмаркасида Самарқанд шаҳридаги 20 та корхона 783 та бўш иш ўрни билан қатнашди, ярмаркага асосан 2-сектор ҳудудида яшовчи ёшлар, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, муқим иш ўрни бўлмагани сабабли алимент тўлашга қийналаётган оталар ва меҳнат бозорида тенг рақобатлаша олмайдиган ишсиз ёшлар таклиф этилди.

Тадбирда 60 нафар ишсиз ёшлар, пробация хизматида рўйхатда турган 18 нафар маҳкум квоталанган иш ўрнига жойлаштирилиб, 7 нафари қайта тайёрлов курсларига юборилди.