Япония делегацияси юртимизга келмоқчи

14:30 - 11.03.2021

6

2021 йилнинг 3-4 март кунлариБош прокуратура академияси ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммолари ва бу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Конференцияда дастлаб икки давлат йўл ҳаракати хавфсизлигига оид тизим тўғрисида маълумот берилди. Масалан, полиция томонидан амалга ошириладиган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлилидан фарқли ўлароқ, Японияда профессионал даражада таҳлил қиладиган Йўл-транспорт ҳодисаларини ўрганиш ва маълумотларни таҳлил қилиш институти фаолият юритади.

Институт макро ва микромаълумотлар асосида ишлайди. Макромаълумотга асосланган таҳлил доирасида йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ инсон, транспорт ва йўл, атроф муҳитга оид маълумотлар Миллий полиция агентлигидан олиниб, чуқур таҳлил қилинади. Институт ҳар йили ушбу маълумотлар асосида мамлакат бўйлаб содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабабларини кўрсатиб, ҳисоботларни чоп этади.

Микромаълумотга асосланган таҳлилда 6 та қисм (умумий, инсон, йўл хусусияти, автотранспорт тузилмаси, хусусияти ва унга етказилган зарар, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида етказилган умумий зарар, фавқулодда ёрдам кўрсатиш) ва 650 та саволдан иборат анкета тўлдирилади, бунга ўртача 6 ойдан 1 йилгача вақт кетади.

Шу билан бирга, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида таълим жараёнига алоҳида эътибор қаратилади. Бунга нафақат полиция идоралари, балки маҳаллий ҳокимият, транспортларни ишлаб чиқарувчи компаниялар, маҳаллий аҳоли ва олий таълим муассасалари кенг жалб этилган.

Шуни қайд этиш жоизки, Японияда орттирилган билим ва тажрибани масъул идоралар вакиллари билан биргаликда Ўзбекистонда қўллаш чоралари кўрилади.

Конференцияда Бош прокуратура академияси томонидан ҳам ушбу соҳада муайян ишлар амалга оширилаётгани, прокуратура органларининг 5 нафар ходими Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ташкил этган семинар-тренингларда қатнашгани, йўл ҳаракати хавфсизлиги борасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар таҳлил қилиб борилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, Бош прокуратура академияси негизида ташкил этилган илмий жамоа томонидан Инновацион ривожланиш вазирлигининг «Хавфсиз йўл дастурий таъминотини ишлаб чиқиш» лойиҳаси доирасида тадқиқотлар ўтказилаётгани қайд этилди.

Тадбирда Япония делегацияси Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигига оид лойиҳани ишлаб чиқиш мақсадида 2021 йили мамлакатимизга келиши айтиб ўтилди.