Сингил

10:45 - 10.03.2021

8

– Ака-сингилнинг қони худди эгизакларникидек бир-бирига мос. Донорнинг буйраги бутунлай соғлом. Умумий аҳволи яхши. Буйрагини кўчириб ўтказиш мумкин!

Шифокорларнинг якуний хулосасини эшитган бемор енгил тин олди, демак, ҳаётда қолади. Демак, ҳалибери ўлмайди. «Сингилжоним, Аллоҳ рози бўлсин сендан» дея синглисидан миннатдор бўларкан, икки йил бурунги воқеа эсига тушиб, кўнгли хижил тортди…

– Ака, куёвингизни ёнингизга олсангиз девдим. Биласиз, қўлидан ҳамма иш келади. Россияга кетишга отланаяпти… Болалар соғиниб қолишади-да. Шу ерда бўлгани яхши эди…

Катта хусусий корхонага раҳбарлик қилаётган ака имкони бўлиши билан куёвни чақиришини айтиб синглисини кузатиб қўйди. Аммо чақирмади. Жавоби аниқ – куёвга иш бермайди. Чунки ошна-оғайнилари кўп, илтимослар ҳам шунга яраша. Мана, яқинда бирининг укасини ишга олди, яна иккитасининг яқинини амаллаб жойлаши керак. Бири-биридан «керакли» одамлар турганида куёвни, сингилни ўйлайдиган пайтми ҳозир?!

Сингил бояқиш кўп кутди, бироқ бошқа безовта қилмади, куёв икки йилки Россияда. Аканинг бўлса ошиғи олчи. Атрофида садоқатли дўстлари. Бу орада бир марта бўлса ҳам синглисидан хабар олишга вақти бўлмади. «Куёв иш топдими, пул жўнатдими, норасидаларинг билан нима еб, нима ичаяпсан?» деб сўрамабди ҳам…

…Кутилмаганда ўзини нохуш ҳис қилган акага шифокорлар оғир буйрак касаллигига чалинганини, буйрак етишмовчилиги туфайли пешобнинг бир қисми тўғридан-тўғри қонга ўтиб кетаётганини айтишди. Бир йиллик қиммат дори-дармон, диализ муолажаси кор қилмагач, «Донор топинг, буйрак кўчириб ўтказиш керак. Зудлик билан!» дейишди дўхтирлар.

Бу операция хориж клиникаларида 40-50 минг доллар тураркан. Донор топилса, амалиёт юртимизда анча арзонга тушаркан. Аммо қани ўша донор? Болалари, укаси таҳлилдан ўтишди – тўғри келмади. Синглисига айтишга уялади, нимжонгина бўлса, қандай қилиб ундан бир буйрагини сўрайди? Сингил эса акасининг дардини эшитган заҳоти етиб келиб, текширувдан ўтди.

– Акажон, ҳали узоқ яшайсиз! Кўп сиқилманг, яхши нарсаларни ўйланг, – деди сингил жарроҳлик амалиёти олдидан меҳр билан жилмайиб. Аканинг хаёлига эса негадир яхши нарсалар келмас, бўғзига нимадир тиқилар эди…

Дарвоқе, «садоқатли» дўстлари бир йилдан бери, аниқроғи касалга чалиниб, пулга муҳтожлиги ортгандан буён қорасини ҳам кўрсатишмади.