Суд қарорларини қайта кўриш

13:00 - 09.03.2021

118

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга қилган мурожаатида «бир суд – бир инстанция» тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозимлигини, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинишини таъкидлаган.

Жорий йил 12 январь куни «Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуннинг қабул қилиниши бундай ишларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Мазкур қонун билан маъмурий суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди. Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида тузилган туманлараро маъмурий судлар томонидан кўрилиши белгиланди (илгари ҳар бир туманда алоҳида маъмурий суд бўлган).

Маъмурий судларга инвестиция низолари бўйича ва рақобат тўғрисидаги ишларни ҳал қилиш ваколати берилди. Бунда инвестиция низолари бўйича йирик инвесторнинг, рақобат тўғрисидаги ишлар бўйича томонларнинг хоҳишига кўра ушбу тоифадаги ишларни бевосита Олий суд, қолган инвестициявий низоларни инвесторнинг хоҳишига кўра Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари биринчи инстанция суди сифатида кўриб чиқиши белгиланган.

Бизнес омбудсманга биринчи инстанция судининг тадбиркорлик билан боғлиқ қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи берилди (илгари фақатгина кассация ва назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқи бор эди).

Апелляция шикояти қарор қабул қилингандан сўнг бир ой ичида берилиши мумкинлиги белгиланди (илгари бу муддат 20 кун эди).

Апелляция шикоятини қабул қилиш масаласини ҳал этишга оид ажрим ҳақида иштирок этувчи шахслар уч кун ичида хабардор қилинади (илгари ажрим чиқарилган куни хабардор қилинган).

Шикоят Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилганда Ўзбекис тон Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади (илгари вилоят суди ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган).

Кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин (илгари ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой ичида берилиши мумкин эди).

Биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанцияси судининг қарори устидан берилган кассация шикояти (протести) Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилиши ва кассация шикояти (протести) бевосита Олий суднинг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига берилиши тартиби ўрнатилади.

Ишда қатнашувчи шахсларнинг илтимосига кўра кассация инстанцияси судига биринчи инстанция судида қабул қилинган ҳал қилув қарори, апелляция инстанцияси суди қарорининг ижросини кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туриш ваколати берилган.

Манфаатдор шахслар ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтириш ҳақидаги ариза билан Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилишга ҳақли, бунда ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест киритиш ҳақидаги ариза кассация шикояти (протести) бериш муддатида, ушбу муддат тугаган тақдирда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкинлиги белгиланди.

Мазкур қонун судларнинг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ва юридик шахс лар, шу жумладан инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришни, суд қарорлари барқарорлигини ҳамда жамиятимизда адолат тамойилини таъминлашга хизмат қилади.

Собир РУСТАМОВ,
Сирдарё вилояти маъмурий судининг судьяси