Шубҳали пул айланмалари

11:00 - 09.03.2021

15

Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан қонун билан тақиқланмаган иш билан ноқонуний шуғулланиб келаётган 663 кишининг фаолиятига қонуний тус берилиб, 795 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясига оид 38 та жиноят иши қўзғатилди.

Хуфиёна фаолият юритиб, пулни нақдлаштириш билан шуғулланувчилар, уларнинг раҳнамолари фош этилмоқда. Андижон шаҳар ДСИ мансабдорлари шубҳали пул айланмаларини амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини назорат қилиш, банк ҳисобрақамларига тақиқ қўйиш борасидаги вазифаларини бажармагани аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Коррупцияни фош этишга қаратилган тадбирларда 133 кишига нисбатан 130 та жиноят иши қўзғатилди. Улардан 14 таси давлат бошқаруви тизими, 26 таси таълим, 26 таси  соғлиқни сақлаш, 13 таси банк, 7 таси энергетика тизими ва 57 таси бошқа идоралар ходимларига нисбатан қўзғатилган.

Банкдан ташқари нақд пул айланмасини қисқартириш борасида 18 та жиноят иши бўйича 105,63 млрд. сўмлик ноқонуний пул айланмаси фош этилди.

Бундан ташқари, 11 та ҳолатда банк мансабдорлари кредит ва нақд пулни талон-торож қилгани аниқланди. Масалан, департаментнинг Олтинкўл тумани бўлими ўтказган терговга қадар текширувда «Халқ банки» Олтинкўл филиали бошқарувчисининг ўринбосари Х.Юнусовнинг кирдикорли очиб ташланди. У фуқаро М.Абдуллаевга иссиқхона қуриш учун ажратилган 17 200 000 сўм имтиёзли кредитни ёпиб беришини айтиб, ундан 10 000 000 сўм пора олгани аниқланди ва жиноят иши қўзғатилди.

Коронавирус пандемияси шароитида республика аҳолисига давлат ресурслари ҳисобидан ун етказиб бериш йўлга қўйилди. Таъминотчи корхоналар томонидан фуқароларга етказилаётган уннинг нархи асоссиз оширилишини аниқлаш тадбирлари мунтазам ўтказилди ва битта жиноят иши қўзғатилди.

Шунингдек, иккита ҳолатда деҳқон бозорларидан савдо қилиш учун жой ажратиб беришда пора олингани аниқланди. Иккала ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилди.