Порани кўксига яширган директор

11:30 - 07.03.2021

10

Қўқонда нафс қулига айланганлар суд қилинди. Кўп йиллар таълим тизимида ишлаб келган, пенсия ёшида ҳам 41-мактаб директори лавозимида ишлашда давом этган Дилобар опа (исм-фамилиялар ўзгартирилган) тўғри йўлдан тойиб, мисқоллаб йиққан обрўсини елга совурди.

Тартибга кўра биринчи синфга аввало теваракдаги, мактабга яқин кўчаларда яшовчи фуқароларнинг болалари, улардан ортса бошқалар қабул қилинади. Афсуски, ота-оналар ва ўқувчиларга қулай бўлишини ўйлаб  белгиланган ушбу қоидадан айримлар ғаразли мақсадда фойдаланаяпти. Дилобар опа янги ўқув йили арафасида, август ойида 1-синфга ўқишга борадиган кичкина ўғлининг ҳужжатларини топширмоқчи бўлган Салимахондан манзилини сўради. Уйи мактабга қабул ҳудудидан ташқаридалигини билгач, ўрин йўқ деб гапни калта қилди. Салимахон чиқмаган жондан умид дея мактаб таъмири учун машинасида қурилиш ашёларини ташиб бериб турган қўшниси Оқилжонни ўртага қўйди. У бундан аввал қариндошига «холис» хизмат қилган, 150 АҚШ доллари эвазига фарзандини 1-синфга ўқишга киритишни гаплашиб берган эди.

Оқилжон директорнинг кабинетига бош суқди. «Қўшнимизнинг боласини қабул қилсангиз» деб илтимос қилди. Директор кўнгандай бўлиб, ўринбосарига йўллади. Тошпўлат аввалига биринчи синфлардаги барча ўринлар тўлиб бўлди дея ўзини тарозига солди. Сўнг директорни кўндириш учун 150 доллар бериши лозимлигини шипшиди.

Қабул шарти Салимахонни тутоқтирди. Унинг департаментнинг Қўқон шаҳар бўлимига қилган мурожаати асосида тадбир ўтказилди. Аёл телефонда Тошпўлат билан боғланиб, «100 доллар ва уч юз минг сўм топиб қўйдим, қачон қаерга олиб борай?» деб сўради. Тошпўлат  мактабда  ўқитувчи бўлиб ишлаган, айни пайтда йўловчи ташиш билан ҳам машғул Азаматнинг машинасида  «Қўқон ёғ-мой» корхонаси ёнига келди. Салимахон машинага ўтириб порани директор ўринбосарига топширди. У машинадан тушган заҳоти департамент ходимлари холислар иштирокида Тошпўлатни ушлашди. Ўринбосар «пулни директорга бериш учун олдим» дея ўз хоҳиши билан тадбирда иштирок этди. Мактаб директорининг кабинетига кириб пулни бериб чиқди. Дилобар опа тадбир иштирокчиларига кўксига яширган пулни топширишга мажбур бўлди. Бундан ташқари хонасидаги сейфдан 150 АҚШ долларини олиб берди. Тергов ва судда Дилобар Матқўзиева айбини тан олмади. Қисман иқрор бўлган шериги Тошпўлат Аюбов ҳам судни чалғитиб сувдан қуруқ чиқишга уринди. Муаллим шаънига доғ туширган порахўрларнинг айби гувоҳ ва холисларнинг кўрсатмалари, инкор этиб бўлмас далиллар билан исботини топди. Т.Аюбовга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Д.Матқўзиевага мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 3 йил синов муддати тайинланди.