“Танишимнинг опаси газни кўп ёқиб қўйибди…”

16:30 - 06.03.2021

11

Сарвар (исмлар ўзгартирилган) илгари судланиб, жазога тортилган, айни пайтда «Gaz story plan» масъулияти чекланган жамияти раҳбари. Акмал «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиалида етакчи мутахассис бўлиб ишлаётганига ҳали унча кўп бўлмади. Улар Сарварнинг хонадонини газлаштираётган пайти танишиб қолган эди.

Бир куни Сарварга таниши Дилшод қўнғироқ қилиб, опаси уйини сотмоқчи эканини, газ идорасида бирорта таниши бўлса, уйига газ ҳисоблагич ўрнатиб, қарзини бартараф қилишда ёрдам беришини сўради. Сарвар аввалига йўқ деб, кейин суриштириб кўришини айтди. Шундан сўнг Сарвар Акмални йўқлаб ишхонасига келди. Бироз суҳбатлашгандан сўнг муддаога ўтди: “Танишимнинг опаси газдан қарздор. Шу қарзни йўқ қилиш имкони борми?” Пулга муҳтож бўлиб юрган Акмалга қулай имконият туғилгандай бўлди. Икки миллион сўм берса ҳал қилиб беришини айтди. Сарвар анча вақтдан бери Дилшоддан ололмай юрган пулини ҳам шу суммага қўшиб ундириб олишни ўйлади.

Шундан кейин Сарвар «Бўлди, одам топдим, қарзингни ҳал қилиб беради» деб Дилшодга телефонидан хабар юборди. Эртаси куни йигит опаси билан газ идораси олдига келди. Сарвар билан учрашди, гаплашишди:

– 3 миллион 990 минг сўм қарзингиз бор экан, танишим 3 миллион сўм сўраяпти, – деди Сарвар ўзининг ҳам ҳаққини қўшиб. — Бундан камига кўнмайди, пулни берганингиздан сўнг қарзи йўқ деган маълумотнома ҳам олиб беради.

Дилшоднинг тамагирлардан жаҳли чиқди, ИИБга бориб ариза ёзди, фирибгарларга чора кўришни сўради. Шундан сўнг тадбир режалаштирилди.

Сарвар Дилшоддан 3 млн. сўмни санаб олди, қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотномани бир кунда тўғрилаб беришини айтиб кетаётганда ИИБ ходимлари томонидан ушланди.

«Келаяпсанми?» деган хабарлардан сўнг пулнинг млн. сўми Акмалга аталгани маълум бўлди. У ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Суд Акмални 2 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади. Сарвар ҳам шундай жазога лойиқ кўрилди.