Гендер тенглик — эъзоз ва эътибор

16:30 - 05.03.2021

21

Юртимизда аёлларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аёлларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий савияси юксалиб, ижтимоий фаоллиги ортиб бораётгани ана шу эътибор натижасидир. Айни пайтда улар нафақат фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, балки давлат органлари ва муассасаларида ҳам фаолият кўрсатишмоқда.

Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Бош ассамблеяси 1967 йилда «Аёлларни камситишни тугатиш тўғрисида»ги декларацияда, 1979 йилда «Аёлларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенцияда аёлнинг мамлакат равнақи, жамият ва оила тараққиётидаги роли эътироф этилиб, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликлардан фойдаланишда эркаклар билан тенглигини таъминлаш, бу борада ҳуқуқларининг чекланишига йўл қўймаслик талаби илгари сурилган.

Ўзбекистон 1995 йил 6 майдан «Оналикни муҳофаза этиш тўғрисида»ги конвенцияга, 1997 йил 30 августдан «Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенцияга қўшилди. Ушбу конвенцияда аёлларнинг барча сайлов ва референдумларда овоз бериш эркинлиги ва тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, «Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциянинг 3-моддасида «Аёллар эркаклар билан бир хил шароитларда ва ҳеч қандай камситишсиз жамоат-давлат хизматида лавозим эгаллаш ва миллий қонунчилик билан белгиланган жамоат-давлат вазифаларини бажариш ҳуқуқига эгадирлар» деб қайд қилинган.

Ўзбекистон қонунчилиги эса ўзига хос, яъни миллий қадриятларимиз билан боғлиқ бўлиб, халқаро ҳуқуқ меъёрларидан маълум жиҳатлари билан ажралиб туради.

Хусусан, мамлакатимиз қонунларида аёлларга, ёш болали аёлларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, меҳнатни оналик билан уйғунлаштириб олиб бориш учун имтиёзлар берилиб, уларни амалга ошириш ва рағбатлантириш чоралари назарда тутилган. Олий Мажлиснинг 1995 йил 6 мартдаги қарори билан «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги 1919 йилда Женевада қабул қилинган ва 1952 йил 28 июнда қайтадан кўриб чиқилган конвенцияга қўшилиши Ўзбекистоннинг оналик ва болаликка бўлган катта эътибори ҳамда ғамхўрлигидан далолат беради.

Бинобарин, Ўзбекистон Конституциясининг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги белгиланган. Мазкур норма хотин-қизларнинг билим олиши, касб танлаши, меҳнат қилиши ва иш ҳақи олиши, ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётда уларга эркаклар билан тенг имконият берилиши, касбий фаолиятда эса оналарга шароит яратилиши, оналик ва болаликнинг ҳуқуқий ҳимоя қилиниши, жумладан, ҳомиладор аёллар учун ҳақ тўланадиган таътил ва бошқа имтиёзлар берилиши, ёш болали оналарнинг иш вақти қисқартирилишини кафолатлайди.

Қолаверса, 1998 йил 30 апрель куни қабул қилинган Оила кодексида ҳам халқаро ҳуқуқнинг умуминсоний мезонлари ўз аксини топган. Жумладан, кодекснинг 21-моддасида «Оилавий турмушнинг барча масалаларини эр ва хотин биргаликда ҳал қиладилар» дейилган.

Дарҳақиқат, аёлнинг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашда унинг мулкий ҳолати ҳам алоҳида ўрин тутади. Мазкур кодекснинг эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишланган бобида уларнинг никоҳи давомида орттирган мулки, шунингдек, никоҳга қадар умумий маблағи ҳисобига олинган мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги мулки ҳисобланиши қайд қилинган. Бундан кўриниб турибдики, аёл никоҳ давомида даромад топиш мақсадида бирор жойда ишламасдан фарзанд тарбияси билан шуғулланган даврида ҳам оилада орттирилган мулкка нисбатан тенг ҳуқуқли ҳисобланади.

Шу билан бирга, аёллар меҳнатидан фойдаланишни тўғри йўлга қўйиш, уларни ишга қабул қилиш вақтида камситишга йўл қўймаслик, ҳомиладор, ёш болали аёлларга берилган имтиёз ва ҳуқуқлар эса Меҳнат кодексида ўз аксини топган.

Ўзбекистонда аёлларни эрга тегишга мажбурлаш ёки уларни бошқа ғаразли мақсадларда фойдаланиш учун сотиш, оилада уларни хўрлаш, конституциявий ҳуқуқларини поймол қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат учун Жиноят кодексида жиноий жавобгарлик белгиланган.

Мамлакатимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Сенат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хотин-қизлар сонининг ортиши давлат ҳокимиятини бош қаришда аёллар фаоллиги ортаётганидан ҳамда улар тараққиётнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланаётганидан далолат беради.

2018 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5325-фармони қабул қилиниб, хотин-қизлар қўмиталарининг фаолияти такомиллаштирилди.

«Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ва «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларнинг қабул қилиниши ҳам кейинги йилларда хотин-қизлар, оналик ва болалик ҳимоя қилинишининг том маънодаги ифодаси бўлди. Ҳозир прокуратура органларида жами 8674 нафар тезкор ходим хизмат қилаётган бўлса, улардан 218 нафари хотин-қизлардир. Уларнинг 12,5 фоизи раҳбарлик лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Юқорида қайд этилган қонунларда давлат аёллар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни кафолатлаши; аёллар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини кафолатлаши қайд этилган. Аёллар ва эркаклар ўртасида ҳақиқий тенгликка эришиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида уларнинг иштирокини кенгайтириш, жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишни бартараф этиш мақсадида давлат томонидан гендер сиёсати амалга оширилишига доир махсус чоралар кўрилиши белгиланган.

Шу билан бирга, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ташкил этилди. Бу борада прокуратура органлари зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар қўйилди.

«Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасида ҳам фуқаро соғлиғи, ёши ёки бошқа сабабларга кўра бузилган ҳуқуқини ҳимоя қила олмаса, унинг манфаатини кўзлаб прокурор судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши назарда тутилган. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган қонунлар ижросини назорат қилиш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимояси прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланган.

Прокуратура органларида фаол ва ташаббускор, самарали меҳнати билан ўрнак бўлган аёл ходимларни рағбатлантириб бориш кучайтирилиб, жамият ҳаётида иштирок этишни ўз оилавий мажбуриятлари билан бирга олиб бориш орқали оиланинг фаровонлигини мустаҳкамлашга, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшаётган аёл ходимлар «Мўътабар аёл» кўкрак нишонига тавсия этилиши белгиланди.

Гендер тенглик борасида Бош прокуратура раҳбарияти томонидан ҳам изчиллик ва одиллик билан иш олиб борилмоқда. Хусусан, бугунги кунда прокуратура органларида гендер тенгликни таъминлаш бўйича тузилган комиссия самарали ишламоқда, яъни хотин-қизлар ва эркаклар тенглигини таъминлаш мақсадида аёл ходимларни раҳбарлик, юқори лавозимларга тайёрлаш ҳамда тавсия этиш, хотин-қизлардан иборат салоҳиятли раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш чоралари кўриб борилаяпти.


Мохира ҚУРБОНОВА,
Бош прокуратура бошқарма
катта прокурори, Прокуратура
органларида гендер тенгликни
таъминлаш масалалари бўйича
комиссия аъзоси