Қоялар ва соялар

14:30 - 05.03.2021

27

Аёл – ҳаёт кўрки, оила таянчи, келажагимиз ворислари бўлган
фарзандларимиз тарбиячиси. Аёл – сеҳр, безавол гўзаллик тимсоли. У ўзининг латофати ва идроки билан дунёни кафтларида тутиб туриши мумкин. Аёлдаги ирода ва бардош улкан қояга, унинг кўнгли эса нозик ниҳолга қиёсланади. Аёлнинг топгани ҳам, топингани ҳам фарзанди. Заминни болалар кўтариб туради деган гап бор. Бола кўтарган аёл эса бутун оламни бағрига олган билан баробар.

Шу ўринда аёл матонати ва фожиаси ҳақидаги айрим мулоҳазаларни сиз билан ўртоқлашгим келди, қадрдонлар…

САБРНИ ҚАРИТГАН АЁЛ

Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Ориповнинг «Аёл» шеъри бағишланган, Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев портретини чизган ва журналист Мурод Абдуллаев «Сабр онаси» номли эссе ёзган Зиёда момо ҳақида эшитганмисиз? У Косон туманидаги Ушоқтепа қиш лоғида яшаган.

Фашистлар мамлакатимизга бостириб кирганда Амир муаллим йигирма беш ёшга тўлган шеркелбат, серғайрат йигит эди. У Бухородаги икки йиллик муаллимлар тайёрлаш курсини битириб, ўзи туғилиб ўсган қиш лоқ мактабида ишлар ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида сиртдан ўқир, Зиёда билан севишиб турмуш қуриб, бахтли ҳаёт кечиришарди. 1941 йилда Амир Диёров урушга кетаётганда Зиёданинг ой-куни яқин эди, у эрига деярли ҳар куни хат ёзарди, хатларига жавоб келмаган пайтларда сабрдан таскин топарди. Чақалоқ дунёга келганда эса ёрини кўргандай суюнди. Исмини Комил деб қўйди, ҳар ишда комил бўлсин, камолга етсин деб ният қилди. 1943 йилда «Амир Диёров Воронеж шаҳрини душмандан озод қилиш учун бўлган аёвсиз жангда мардона курашиб, оғир яраланди ва жароҳати оқибатида вафот этди» деган мазмунда қорахат келди.

Қайнона-қайнотаси ва бош қа яқинлари Зиёдага «Ёш умрингни хазон қилма, бошқа турмуш қур» дейишди. У эса «Йўқ, мени ўз ҳолимга қўйинг лар, сизлардан нон-ош сўрамайман. Мен ҳеч қаёққа кетмайман, эримни кутаман. Келса – бахтим, келмаса ҳам дардимни ютиб, Комилжонни катта қилиб, уйида чироғини ёқиб ўтираман. Худойимдан руҳи шод бўлиб юришини илтижо қиламан» деб ҳеч кимнинг гапига кўнмади.

Ёмон хабар илгари Зиёдага етиша олмай доғда қолганларнинг ҳам тинчини буз ди. Элчилик-да, ёшгина, кўзга яқин жувонни сўраб келувчиларнинг кети узилмас, уни «ўзиники» қилиб олмоқчи бўлган шоввозлар кўп эди. Шундай пайтларда у шоҳи кўрпачалар устида тиззасини қучоқлаганча ўтирар ва юм-юм йиғларди.
«Амир ака, садо беринг!
Сиз мен учун ҳаётсиз! Олислардан бўлса-да, бизга мадад бўлинг. Осмонлардан бўлса ҳам «Қаддинг ни тут, бу оломоннинг раъйига қарама!» деб айтинг. Қачон қийналиб, кўзим ёшланса, дийдам титраб кетса – руҳингиз шундай деб турса бас! Зиёдангиз асло эгилмайди, аёл бўлса ҳам эркаклардан кўра иродали бўлади. Майли, одамлар менинг саботимни кўриб қўйишсин. Аллоҳдан мадад сўрайман, сизнинг ёдингиз билан яшайман!..». У шу хаёл билан эрининг илгакдаги қўшоғиз милтиғини қўлга олди (чунки ёлғиз аёлнинг хонадонига кечалари бостириб келганлар ҳам бўлганида ити жонига ора кирганди-да). Баъзи кечалари осмонга қаратиб ўқ ҳам узиб қўярди.

Кўзга яқин жувон олд томондаги соғлом икки тишини суғуртириб ташлади. Ҳайратда қолган табибга «Зора шу билан хунук роқ кўринсаму айрим ярамаслар мени ўз ҳолимга қўйишса…» деди…

Зиёда келин эрининг ўлганига аввал ишонмагани билан юрагини дард-алам кемириб борарди. Ўғилчаси Комилжоннинг беғубор кулгуларидан куч олиб, қайғусини енгиллатмоққа уринарди, дард юки эса зилдай оғир: кун сайин унинг тик қаддини эгмоқчи бўларди… Урушга кетганларнинг кўпи қайтди, бироқ Амир муаллим қайтмади. Шундаям Зиёда йўл қарашдан чарчамади. Менимча, дунё да энг гўзал, энг маъсум ва энг буюк мавжудот йўл қараган аёллардир.

Уруш тугаб, оғир йиллар ортда қолди. Зиёда келин Зиёда холага, сўнг Зиёда момога айланди. Сунбул сочларига қиров тушди, чўлпон кўзлари хира тортди. Кўз очиб кўрган умр йўлдошидан ёлғиз ёдгори – Комилжонни ҳам ота, ҳам она бўлиб вояга етказди, ўқитди, элга қўшди.

Комилжон Тошкент ирригация ва қиш лоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтини аъло баҳоларга тамомлаб, Қашқадарё вилояти сув хўжалиги бошқармасида иш бошлади. Кейинроқ Эскианҳор канали, Қалқама сув омбори қурилишида фаол қатнаш ди. Халқ Комилни ўзи туғилиб ўсган хўжаликка раис этиб сайлади. Сўнг Ҳисорак сув омбори қурилишига раҳбарлик қилди (мазкур омбор тўғонининг баландлиги 140 метр бўлиб, бағрига 170 миллион кубметр сув сиғади).

Мамлакатимизда мустақиллик эпкинлари эсиши олдидан Комил Амиров Китоб тумани раҳбари, сув хўжалиги вазирининг ўринбосари лавозимларида ишлади. Комил ака катта ишни бошлаши ёки узоқ сафарга кетиши олдидан онасининг олдига дуо олгани кирарди. Шунда онаизор уни гўдаклик пайтидагидек бағрига босиб далда берар, узундан-узоқ дуолар ўқиб, кўнглига қувват бағишларди. «Манманлик қанча арзон бўлса, андиша шунча қиммат туради. Қўлингдагиларга, бева-бечораларга яхши муомалада ва ҳимматли бўл!» деб насиҳат қиларди.

Зиёда момонинг меҳри, матонати Комил акани комил, ҳар қандай эзгу ишга қобил қилиб тарбиялади. Табиатда инсон билган ва билмаган синоат кўп экан. Зиёда момо муштдеккина жуссаси билан бу қадар катта сабр-қаноат ва ирода эгаси бўлгани ҳар қандай одамни ҳайратга солади. Рўзи Чориев чизган портретда сабрни қаритган, ўзи ҳам қаноат тимсолига айланган, 20-асрнинг энг мудҳиш фожиаларидан озурда қалбли ва матонатли аёл сиймоси акс этган. Абдулла Ориповнинг қуйма сатрларидаги таърифдан орттириб бир нарса дейишга эса сўз ҳам, қалам ҳам ожиз:

…Шундайлар бўлмаса агар дунёда, Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.

ҚАНДАЙ ҚУДРАТИ БОРЛИГИНИ ЎЗИ ҲАМ БИЛМАЙДИ…

Туркистон халқларининг кўплаб қадимги ёзма ва оғзаки манбаларида ҳам аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеи юқори баҳоланиб, улар муҳаббат бобида, оилавий турмушда эркаклар билан тенг бўлгани ўз ифодасини топган.

Ана шу давр ларда мамлакат гуллаб-яшнаган, аёллар камситилган даврларда эса ижтимоий ҳаёт таназ зулга юз тутган.

Чунки бани Одамнинг биринчи тарбиячилари аёллар, оналардир. Қуёшсиз гул очилмагани, меҳнатсиз ноз-неъматлар яратилмагани, севгисиз бахт бўлмаганидек, аёлларсиз қаҳрамон ҳам, шоир ҳам бўлмасди.

«Адабиёт ёлғон гапиради, лекин у ҳақиқатнинг ўзидан кўра ростроқдир» деган гапни бир жойда ўқигандим. У ёлғонмас, у фарзанд учун аёлнинг жисмида кўпчиб турадиган минг имконининг биттаси, холос. Бундай имконининг борлигини аёлнинг ўзи ҳам билмайди. Бу қудрат керагида пайдо бўлади, уни худо беради. Ривоят қилишларича, бир ҳукмдор хизматчисининг хотинига ошиқ бўлибди. Хизматчини бир баҳона билан сафарга жўнатиб, унинг уйига бориб, аёлини хобхонага чорлабди. – Барча эшикларни ёп, – амр қилибди ҳукмдор. Аёл унинг амрини бажарибди.
– Эшикларни беркитдингми?

– сўрабди ҳукмдор. – Уй эшикларини маҳкам ёпдим, лекин ҳарчанд уринмай, бир эшикни беркита олмадим,
– дебди аёл ерга қараб.
– Қайси эшикни айтаяпсан?
– ажабланиб сўрабди ҳукмдор.
– Ҳаё ва иффат эшикларини, – деб жавоб берибди аёл. Ҳукмдор унинг сўзларидан уялиб, қаттиқ изза бўлибди ва аёлдан узр сўрабди.

Лекин ҳамма аёлларга ҳам юқорида таъкидлаганимиздек таъриф бериб бўлармикан?

Улар она эканини, ёнида ўсаётган қизи ундан ибрат олиши мумкинлигини унутиб қўйишмаяптими? Оила муқаддас, никоҳ эса илоҳий ришта ҳисобланади. Оиланинг муқаддаслигини англай олган эр-хотингина ўзининг бурч ва масъулиятини ҳис этади. Халқда бежиз қушнинг ҳам ини бузилмасин деган гап юрмайди. Дарз кетган оилаларда энг оғир жабр фарзандларнинг гарданига тушади. Ўзлари отасиз ё онасиз ўсиш азобини билмаган ота-оналар бу ҳақда ўйламай болаларини тирик етимга айлантиришади.

Баъзилар ўйламай-нетмай фарзандини меҳрибонлик уйларига топширишади. Меҳрибонлик уйи деганлари билан барибир кемтиклиги бор-да, етимнинг кўнглини етти осмон бут этолмайди. Бу ҳол, табиийки, боланинг руҳиятига, тарбиясига салбий таъсир этмай қолмайди.

Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»