32 йилда фош бўлган жиноят

17:30 - 04.03.2021

16

Ҳеч бир жиноят беиз кетмайди. Бухоро шаҳрида 1988 йилнинг 5 октябрида содир этилган қотиллик 32 йил деганда бармоқ изи ёрдамида фош этилди.

1962 йилда туғилган фуқаро Маҳмуд Болтаев бир неча йил аввал Муслима исмли аёлнинг таклифи билан унинг уйига келади. Йигит онаси тенги аёлга жинсий яқинликни таклиф этади. Аёл буни рад этади ва ўртада жанжал келиб чиқади. Жанжал вақтида М.Болтаев ёнида бўлган пичоқ билан аёлнинг қорни ва кўкрагига бир неча марта уриб, ўлдиради.

Қотиллик содир этиш билан бирга М.Болтаев аёлнинг уйидан бир нечта тилла тақинчоқни ҳам ўғирлаб кетади. Жиноят жойида эса унинг бармоқ излари қолган.

Бухоро вилояти ИИБ эксперт-криминалистика бўлими томонидан 2020 йилнинг сентябрь ойида автоматлаштирилган дактилоскопик идентификацион тизим орқали бармоқ излари текширилган. Бу криминалистик ўрганишлар бармоқ излари фуқаро Маҳмуд Болтаевга тегишлилигини кўрсатган.

Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан ушбу жиноят иши бўйича тергов қайта тикланди. Аниқланишича, М.Болтаев 1993 йилда Жиноят кодексининг 15-81-моддаси (қасддан оғир тан жароҳати етказиш), 1996 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (ўғирлик), 2005 йилда 169-модданинг 1-қисми (ўғирлик) билан айбланган.

Жиноят ишлари бўйича Олот тумани судининг 2021 йил 15 февралдаги ҳукми билан М.Болтаев жавобгаликка тортиш муддати (25 йил) ўтиб кетганлиги сабабли жазодан озод қилинган.