Муддао сувни тежашмас — давлатдан ўмариб қолиш

16:30 - 04.03.2021

15

Халқимиз азалдан сувни ризқ манбаи, обиҳаёт сифатида улуғлайди, тежаб-тергайди. Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан назорат ўрнатилган. Мазкур қарорга асосан вилоятда 27601 гектар ерни томчилатиб суғориш ҳамда 8700 гектар майдонни лазерли ускуналар ёрдамида текислаш режалаштирилган.

Февраль ойи бошигача 1197 нафар талабгор томонидан қиймати 688 млрд. 761 млн. сўм бўлган 30927 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш юзасидан шартнома тузилиб, 477 та талабгор ҳамда тижорат банклари ўртасида қиймати 293 млрд. 610 млн. сўм бўлган 12033 гектар ерда сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун кредит ҳужжатлари расмийлаштирилди.

Бундан ташқари, 63 нафар талабгорга 3159 гектар ерда сув тежовчи технология жорий этиш учун 39 млрд. 276 млн. сўм кредит ажратилиши таъминланди. Шунингдек, 6275 гектар ерда сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун 272 та ҳовуз қазилди.

Қайд этилган қарорда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида қарор ижросига масъул бўлган вилоят ҳокимининг ўринбосари, қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи, туман ҳокимларининг ўринбосарлари, туман қишлоқ хўжалиги ва ирригация бўлимлари бошлиқлари ҳамда молия бўлимлари раҳбарлари қонун бузилишига йўл қўймаслик юзасидан расман огоҳлантирилди.

Бироқ ажратилган кредитнинг ишлатилишида, ускуналарнинг чет элдан келтирилишида қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланди. Масалан, Чироқчи туманидаги «Chorva g`ururim» фермер хўжалиги мансабдорлари туман ҳокимининг 2019 йил 23 январдаги қарори билан ажратилган 205,9 гектар ердан 35 гектарида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш орқали интенсив боғ яратишни режалаштиришган. Аммо улар бюджетдан ажратилган пулни талон-торож қилиш мақсадида гўё қишлоқ хўжалиги харитасининг 22, 24, 27, 34-қ контурларида томчилатиб суғоришни жорий қилиб, интенсив боғ яратгани ҳақида туман комиссиясига ҳужжат топшириб, улар орқали бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномасини тасдиқлатишган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги орқали ҳар бир гектар учун 8 млн. сўмдан жами 280 млн. сўм субсидия олишган. Лекин томчилатиб суғоришни жорий қилмасдан, интенсив боғ яратмасдан, ушбу маблағни талон-торож қилишган.

«Агробанк»нинг Миришкор филиали ва қишлоқ хўжалиги бўлими мансабдорлари Туркиянинг «Serende AS» корхонаси билан пахта майдонларида электр таъминотини тўлиқ ўрнатиб бериш, ҳовуз қазиш ва томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун 4,6 млрд. сўм маблағ ажратишга эришишган. Етказиб берилмаган маҳсулот учун олдиндан 15 фоиз аванс тўлаш ўрнига пулни таъминотчи корхона ҳисобрақамига тўлиқ ўтказиб беришган. Оқибатда келтирилмаган ускуналар учун 174,3 млн. сўм кредит тўлаб бериб, 9 та фермер хўжалигининг қонун билан қўриқланадиган манфаатига зарар етказишган.

Ҳар иккала ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, мазкур йўналишда ўтказилган таҳлил натижасига кўра ваколатли идораларга 2 та тақдимнома киритилди, 28 нафар мансабдорнинг маъмурий ва интизомий жавобгарлиги масаласи ҳал этилиб, 77 киши қонун бузилишига йўл қўймаслик хусусида расман огоҳлантирилди, вилоят ҳокимига қонунийлик аҳволи ҳақида ахборот берилди.

Хусусан, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши тумани ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларининг маъмурий жавобгарлиги масаласи ҳал этилди. Қарор ижросини таъминлаш юзасидан назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.