Хавфсизликни таъминлашда Япония тажрибаси қўлланилиши мумкин

13:00 - 04.03.2021

19

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили сайёрамизда қарийб 1,4 миллионга яқин киши йўл-транспорт ҳодисалари қурбонига айланади. Мамлакатимизда 2020 йилда 7 мингга яқин шундай ҳодиса содир этилиб, уларда 1600 дан ортиқ одам вафот этган. Бу ҳодисаларнинг асосий сабаби фуқароларимизнинг йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ риоя қилмаётгани ҳамда йўлларда хавфсизлик чораларини кўришда жиддий муаммоларнинг мавжудлигидир. 

Мазкур муаммоларга ечим излаш мақсадида 2021 йил 3 март куни Бош прокуратура академияси ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммолари ва бу соҳада ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бошланди.

Унда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда Япония тажрибаси билан яқиндан танишилиб, бу соҳада Ўзбекистондаги муаммоларнинг ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида ушбу фаолиятни яхшилашга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки кунлик конференциянинг дастлабки куни томонлар йўл ҳаракати хавфсизлигига оид умумий масалалар юзасидан фикр алмашди. Бугун қатнашчилар 3 та сессия доирасида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича таълим, йўл ҳаракати хавфсизлигига оид қонунлар ижросини таъминлаш ҳамда йўл муҳандислигига оид мавзуларда муҳокамаларни давом эттиришади.

Давлатимиз раҳбари 2019 йилда Японияга борганида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги президенти жаноб Китаока билан ҳам учрашган эди. Учрашувда Президентимиз Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани ва устувор дастурларни илгари суришга қаратилган кўп йиллик ҳамкорлиги учун агентлик раҳбарига миннатдорчилик билдирди.

Ушбу ташрифдан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Хусусан, мамлакатда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда прокуратура органлари ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ўртасида алоқалар ривожланди. Ўндан ортиқ прокуратура ходими Японияда турли масалалар – жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш, одил судлов ва бошқа йўналишларда ўқув курсларида иштирок этган бўлса, ҳозир 2 нафар ходими Нагоя университети магистратурасида таҳсил олмоқда.

Маълумки, прокуратура органларида барча турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар тўғрисидаги маълумотлар жамланиб, таҳлил қилинади ва натижасига кўра стратегик режалар ишлаб чиқилади. Бош прокуратура академиясида эса жиноятларнинг сабабларини тизимли таҳлил қилиш маркази ташкил этилган. Бундан ташқари, академия негизида илмий жамоа ташкил қилиниб, Инновацион ривожланиш вазирлигининг «Хавфсиз йўл дастурий таъминотини ишлаб чиқиш» лойиҳаси доирасида автотранспортларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани олиш жараёнини такомиллаштириш, ҳуқуқбузарликларни видеорегистраторлардаги сунъий интеллект ёрдамида қайд этиш ва уларга нисбатан чора кўриш ҳамда бошқа йўналишларда иш олиб борилмоқда. Илмий жамоа бу борада Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси билан ҳамкорлик қилаяпти.

Конференцияда япониялик ҳамкорларимиз Ўзбекистон учун «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш» лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни беғараз асосда амалга ошириш бўйича таклифларни кўриб чиқишларини маълум қилдилар. Шу билан бирга, конференцияга ушбу соҳада тадқиқот ўтказаётган олимлар ва амалиётчи ходимлар ҳам жалб қилинган бўлиб, уларнинг илмий мақолаларини конференция материаллари билан биргаликда қўлланма сифатида чоп этиш режалаштирилди.