АҲОЛИ МУАММОЛАРИ ЖОЙИДА ҲАЛ ЭТИЛМОҚДА

11:00 - 03.03.2021

9

Аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш сохасига жалб қилиш, ушбу йўналишда фуқароларни қийнаб келаётган масалаларни жойида бартараф этиш ҳамда аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқотни таъминлаш мақсадида Андижон вилояти прокурори Г.С.Фозилов ва сектор раҳбарлари томонидан узликсиз сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.

Ўтказилган ушбу сайёр қабулларда асосий эътибор, мутасадди идора ва ташкилотлар жалб этилган ҳолда фуқароларнинг бир неча йиллардан буён ечимини топмаётган иқтисодий ва ижтимоий муаммолари ҳамда таклифларини жойида ҳал этишга қаратилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 27 февраль куни Балиқчи туманида ўтказилган қабулда вилоят прокурори томонидан 32 нафар жисмоний ва юридик шахслар ҳамда уларнинг вакиллари қабул қилинди.

Мурожаат қилганларнинг 4 нафари фуқаролик ва жиноят судларининг қарорлари қонунийлигини ўрганиш, 3 нафари алимент ундириш, 2 нафари уй-жой билан таъминлаш, 2 нафари кадастр ҳужжатлари тайёрлаш, 1 нафари ишга жойлаштириш, 1 нафари моддий ёрдам олиш, 1 нафари ер ажратиш ва 18 нафари бошқа масалаларда амалий ёрдам сўраган.

Масалан, Балиқчи тумани, “Баркамол” МФЙда яшовчи фуқаро М.Қорабоеванинг вояга етмаган фарзандини моддий таъминоти учун алимент пулларини ундиришда амалий ёрдам бериш ҳақидаги мурожаати шу жойнинг ўзида ҳал этилиб, МИБ туман бўлими томонидан 12 млн. сўм алмент пулларини ундириб берилиши таъминланди.

Шу каби, фуқаро Т.Исманованинг яшаб келаётган маҳалла ҳудудида фуқаролар томонидан ноқонуний қурилишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисидаги мурожаати бўйича туман прокурорига тегишли ташкилотлардан мутахассислар жалб этган ҳолда ишчи гуруҳи тузиб, жойига чиқиб ўрганиш ва аниқланган қонун бузилиш ҳолатларига нисбатан қонуний чора кўриш юзасидан топшириқ берилиб, ижроси вилоят прокурори томонидан назоратга олинди.

Ўтказилган учрашув давомида келиб тушган мурожаатларнинг 8 таси жойида ҳал этилди, 14 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, қўшимча ўрганиш талаб этилган 10 та мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга қонуний ҳал этишлик учун топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Мазкур қабулдан келиб чиқиб, фуқаролар бандлигини таъминлаш, уларни муаммоларини ижобий ҳал этиш ва тадбиркорлик фаолиятида амалий ёрдам кўрсатиш, ёшларни касбга йўналтириш ҳамда қўллаб-қувватлаш борасида ишларни янада жадаллаштириш юзасидан долзарб вазифалар белгилаб олинди.