Сирлар яширинган маскан

13:00 - 03.03.2021

63

Фотография – инсоният яратган буюк кашфиётлардан бири. Бу кашфиёт бир неча асрдан буён лаҳзаларни тарихга муҳрлаб келмоқда. Йиллар ортда қолган сайин фотография шарофати билан турли сиймолар, ўзгараётган шаҳарлар, қадрдон кўчалар гўё кўз ўнгимизда тургандек бўлади.

Инсон фотосуратга тушар экан, фотокамера унинг ҳаётдаги қувончли дамларини тарихга муҳрлашини истайди. Энг таажжубланарлиси, аксарият ҳолатларда одам суратга тушаётганда кўзлар кулмаса-да жилмаяди, умрида бир-бирини кўрмаган бўлса-да қадрдонлардек ёнма-ён туриб олади. Чунки ҳар бир инсон фотосуратда бошқалар уни бахтиёр кўришини хоҳлайди. Сураткаш эса унинг ана шу истагини бажо келтиради. Агар сураткаш маҳоратли бўлса, фотосуратда ҳаётнинг оддий бир лаҳзаси эмас, тарихга муҳрланадиган сониялар акс этаётганини ҳис этиб, инсонни эмас, унинг қалбини, табиатнинг гўзал манзарасини эмас, тирикликнинг бир бўлагини, жамиятнинг бир кунини эмас, унинг ютуқ ва муаммоларини кўрсатишга ҳаракат қилади. Оламни фақат фотокамера нигоҳи билан кўради.

Бугунги ахборот асрида ҳаётни фотографиясиз тасаввур этиш қийин. Қўлингиздаги телефон билан ҳам санъат даражасидаги сурат олишингиз мумкин ёки энг сўнгги русумдаги рақамли фотокамера билан сифатсиз кадр муаллифига айланишингиз ҳеч гап эмас. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, сурат олиш одамдан ўзига яраша маҳорат талаб қилади. Интернетни очиб миллионлаб фотосуратларни томоша қилсангиз бўлади. Аммо ҳаммаси ҳам сизга ёқмайди. Чунки бирининг сюжети яхши бўлса, сифати ҳаминқадар, бошқасининг эса сифати зўр бўлади-ю, сюжети талабга жавоб бермайди. Масалан, яхши сурат олинган, лекин орқа фонда мавзудан йироқ объектлар ҳам тушиб қолади. Ёки анчадан буён кутиб турган вазиятни фотокамерага муҳрлашингиз керак, шу пайтда сиз нотўғри жойда туриб суратга туширсангиз ҳам натижа яхши бўлмайди. Шунинг учун ҳам суратга олишга иштиёқманд бўлганлар бу соҳанинг сирлари ҳақида тушунчага эга бўлиши керак. Шу ерда фотографиянинг сирларини ўргатадиган жой борми деган савол туғилиши табиий. Албатта бор. Ҳатто бу ишларга ўзини бағишлаган фидойи инсонлар ҳам бор.

Тошкент курантидан Халқаро Вестминстер университети томонга юрганингизда, ўнг томонингизда тарихий бинога дуч келасиз. Шу бино – Тошкент фотосуратлар уйи. У 1934 йилда қурилган бўлиб, бир неча марта таъмирланган. 2005 йилда эса Ўзбекистон бадиий академияси таркибига киритилган. Бугунги кунда Тошкент фотосуратлар уйида кўплаб кўргазма ва фестиваллар, бошқа тадбирлар ўтказилмоқда.

– Асосий вазифамиз миллий фотосанъатни тарғиб қилиш ва бу борада фаолият олиб бораётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, – дейди Тошкент фотосуратлар уйи директори Жаҳонгир Изентаев. – Бу ерда бир йилда 60 тагача фотокўргазма ўтказилади. Миллий урф-одатларимиз, табиатимиз, қадимий обидаларимизни ўзида акс эттирган кўргазмаларимизга хорижликларнинг ҳам қизиқиши катта. Айниқса, бу каби кўргазмаларга юртимиздаги элчихоналарнинг ходимлари оиласи билан кўп келади. Улар юртимизга оид экспозицияларни кўриб, ўзлари ҳам кўргазма ташкил қилиш истагини билдиришади. Шундан сўнг элчихоналар билан ҳамкорликда ўша давлатга оид фотокўргазмалар ташкил қиламиз. Қайд этиш лозимки, фотосуратлар уйида бир неча йилдан буён йиғилиб, сақланиб келаётган турли жанрдаги фотосуратлар жамланган. Агар чет элда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида юртимиз мавзусига оид фотокўргазма ташкил этилса, у ерга қўйиладиган суратларни асосан биз тақдим этамиз.

Тошкент фотосуратлар уйида фотосанъат мактаби ташкил этилган. Бу мактабда фотография соҳасига қизиқувчилар ўз маҳоратини оширишади. Мактабга қабул қилиш ва бу ерда ўқишнинг ўзига яраша шартлари бор. Лекин улар ҳаваскор фотосуратчиларга қийинчилик туғдирмайди.

– Фотоижодкор суратга олар экан, аввало суратнинг тиниқ ва жонли чиқишига ҳаракат қилади, – дейди фотосанъат мактаби раҳбари Искандар Содиқов. – Бунинг учун фотосуратчи нималарга эътибор қаратиши лозимлиги ҳақида сабоқ берамиз. Нур ва соядан ҳосил бўладиган фотосуратларни камерага муҳрлашнинг ҳам сир-асрорлари анчагина. Фотокамера тугмачасини босиб, тасвирга тушириш қийин эмас, аммо асосий масала жонли, кўзни қувнатадиган сурат олишдир. Бунинг учун ёруғлик қаердан тушаяпти, соя қайси томонда турибди, объект қандай ҳаракатни бошлаганда фотокамера тугмачасини босиш лозимлигини билиш керак. Ижодкор буни билмаса, эътироз га сабаб бўладиган фотосуратлар олинаверади. Масалан, катта-катта тадбирлардан берилаётган фоторепортажларда гувоҳи бўламиз, кадрга дилни хира қилувчи объектлар тушиб қолади. Шундан сўнг бу сурат фотошоп қилиниб, ўша объект олиб ташланади. Профессионал фотографияда фотошоп қилинган суратнинг қадри тушиб кетади. Шунинг учун ҳам фотосуратчи суратга олиш жараёнида шундай лаҳзани топиб тугмачани босиши керакки, суратга олиниши мақсад қилинган объектлар кўзланган жойда тасвирга муҳрлансин. Мактабимизда мана шу жиҳатлар 4 ой давомида ўргатилади. Дарсларимиз жуда эркин, ижод билан ҳамнафас олиб борилади. Ўқишнинг охирги ойида улар мустақил амалиёт ўтайдилар. Ўқиш ниҳоясида амалиётда олган фотосуратларидан иборат кўргазма ташкил қилишади. Мактабимизни тугатганларга сертификат берилади.

Шунингдек, Тошкент фотосуратлар уйида республикамиздаги фотоижодкорларни бирлаштиришни мақсад қилган Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмасининг фотошўъбаси ҳам фаолият олиб боради.

– Фотошўъбанинг вазифаси ўзбек фотографиясини, миллий маданиятини ривожлантириш, юртимизни дунёга танитиш, –дейди шўъба раиси Рустам Шарипов. – Ҳозир шўъбага республикамизнинг турли ҳудудларида ижод қилаётган қирққа яқин фотоижодкор аъзо. Жамоатчилик асосида фаолият юритадиган шўъбамиз аъзолари юрт учун беминнат хизмат қилишмоқда. Қайси вилоятдан, қайси объектнинг фотосурати керак бўлса дарҳол улар билан боғланамиз, топшириқни етказсак бўлди, белгиланган пайтга фотосуратларни етказишади. Кимдир овора бўлиб, узоқ йўл босишига ҳожат йўқ. Вақтивақти билан шўъба аъзо лари билан йиғилиб, фикр алмашамиз, режаларимизни муҳокама қиламиз. Қисқача айтганда, шўъбага аъзо бўлган фотоижодкорлар диёримиздаги ҳар бир соҳанинг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Тошкент фотосуратлар уйида яна бир касб эгаси билан суҳбатлашдик. Ўзларини санъатшунос деб таништирган Гулноз Шарипова ва Мадина Орипова ижодкорлар тақдим этган фотосуратларни жанрига қараб залларга жойлаштирар экан. Дастлаб уларнинг ишлари бизга жўндек туюлганди, лекин кўргазмага борганимизда ижодкорнинг фотосуратлари томошабоп бўлишида айнан санъатшуносларнинг меҳнати беқиёс эканлигига амин бўлдик.

Фотоижодкорларни бир жойга тўплаб, уларни эзгу ишлар сари йўналтираётган Тошкент фотосуратлар уйи жонкуярларининг мақсади жаннатмакон юртимизни дунё га танитиш, туристик салоҳиятини намойиш қилишдан иборат.
Уларга омад тилаймиз.

Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»