Бошлиқ билан фаррош чойхонада ушланди. Нега?

11:12 - 02.03.2021

6

Шерқобил Тоғаев 2019 йилнинг 15 мартидан Оҳангарон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган. Яхшигул Аҳмедова эса бирлашманинг терапия бўлимида ҳамшира эди. Аслида Я.Аҳмедова туғруқ таътилида бўлган Соҳиба Самиеванинг ўрнида ишлаётган эди. Вақти келиб, С.Самиева таътилдан қайтади. Агар Ш.Тоғаев вазифасига виждонан ёндашиб, Я.Аҳмедовани бирлашмадаги бошқа бир бўш иш ўрнига ўтказиб қўйганида иккала ҳамшира ҳам тинчгина ишлаб юраверар эди. Қолаверса, муассасанинг бошқа бўлимида иш ҳам бор эди. Лекин Ш.Тоғаев мансабидан ўз манфаати йўлида фойдаланишни мақсад қилади.

С.Самиеванинг туғруқ таътилидан қайтиши Ш.Тоғаевга қўл келади. У бирлашмада фаррош бўлиб ишлаб келаётган Фарҳод Алимовни ишга солади. У орқали Яхшигулга талабини етказади, яъни муассасада ишлашни хоҳласа «харажати»ни бериши лозимлигини айтади. Жабрланувчи ўша пайтда унинг талабига кўнган бўлса-да, бундан норози бўлиб, департаментнинг Оҳангарон шаҳар бўлимига мурожаат қилган. Департамент ходимлари январь ойида ўтказган тадбирда Ф.Алимов Я.Аҳмедовадан 200 АҚШ долларини олаётган вақтда ушланди. Суриштирув жараёнида Ф.Алимов қилмишидан пушаймонлигини билдириб, пулни Ш.Тоғаевга беришини ҳамда тадбирда иштирок этишини айтди.

Эртаси куни Ф.Алимов ҳудуддаги чойхоналардан бирида Ш.Тоғаев билан учрашди. У Яхшигулдан олган пулини бошлиққа берган пайтида Ш.Тоғаев ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судининг ҳукми билан жиноятга қўл урган икки шахс айбдор деб топилди. Унга кўра Ш.Тоғаев уч йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ф.Алимовга эса уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.