“Бошқармага келиб кетинг, гап бор!”

16:30 - 01.03.2021

14

Қамбар Расулов ўйламай қилган бир хатоси учун йиллаб йиққан обрўсига путур етказди. Айни карантин кунлари ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган ходим ниқоби остида нафсининг алдовига учди-қўйди. Бухоро вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Қ.Расулов хизмат вазифасига санитария ва карантин қоидаларини бузганлик учун маъмурий чора кўриш, корхона ва ташкилотларга тақдимнома киритиш, хўжалик юритувчи субъектларга тавсия бериш каби қатор вазифалар киришини жуда яхши билади.

2020 йилнинг ноябрь ойи бошларида Бухоро шаҳар ИИБ томонидан «Жамила жаҳони лаззат омад» МЧЖ раҳбари М.Рўзиевага нисбатан МЖТКнинг 54-моддаси 2-қисмига асосан тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва чора кўриш учун вилоят ДСЭН бошқармасига келиб тушади. ДСЭН бошқармаси раҳбари мазкур ҳужжатларни ўрганиб чиққан вақтида бир нимали бўлиб қолиш умидида М.Рўзиевага қўнғироқ қилади:

– Рўзиевамисиз? Сизга  нисбатан тўпланган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун бошқармага келсангиз яхши бўларди.

– Афсус, боролмайман. Чунки ёш болалиман.

2020 йил 6 ноябрь куни унга қўнғироқ қилиб, ўзини М.Рўзиеванинг акаси Қ.Мансуров деб таништирган киши учрашишга рози бўлди. Бу суҳбат ДСЭН бошқармаси бошлиғининг узоқ тушунтиришлари билан якунланди. Келишувга биноан жамиятнинг гувоҳномаси нусхаси ва 600 доллар пул берса иш силлиқ битишини, йўқса 11 миллион сўмдан ошиқ жарима тўлаши мумкинлигини уқтирган Қ.Расулов ўз «ўлжаси»ни кутарди.

2020 йил 7 ноябрь. М.Рўзиеванинг акаси қўнғироқ қилганида Қ.Расуловнинг юраги алланечук безовта урди. У буни виждони безовталигига йўйиб эътибор қаратмади. Ўз хизмат хонасида кимёвий ишлов берилган 400 АҚШ доллари ва 500 минг сўм пулни олди-ю, аммо қувончи узоққа чўзилмади.

Суд ҳукмига биноан Қамбар Расулов Жиноят кодекси 210-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди.