Дилкушодаги сиҳатгоҳ хатланди

15:30 - 01.03.2021

7

Ўз вақтида тўланмаган солиқни ундириш учун Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва давлат солиқ хизмати органлари ходимларидан иборат гуруҳ фаолият юритмоқда. Қарздор корхоналарнинг мулклари хатланиб, қарзни ундириш чоралари кўрилаяпти.

МИБ Фарғона шаҳар бўлимида вилоят давлат солиқ бошқармасининг 2020 йил 3 ноябрдаги «Фарғона мехника заводи» МЧЖдан 4 млрд. 303 млн. 235 минг 801 сўм солиқ қарзини ундириш ҳақидаги ижро иши бор эди.

Қарздордан солиқни йил давомида банкдаги ҳисобрақамларига инкассо топшириғини қўйиш орқали ҳам ундириш имкони бўлмаган. Эътиборлиси, қарздор шунда ҳам фаолиятини бамайлихотир давом эттириб келаверган.

Бюронинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан 6 ноябрда ижро иши қўзғатилгач, жамият мансабдорларига бу ҳақдаги қарор ва ҳужжатлар тақдим этилиб, 15 кун ичида қарзини тўламасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилган. Бироқ қарздор солиқнинг бир қисмини ҳам тўламаган.

2021 йилнинг 25 январь куни «Фарғона мехника заводи» МЧЖ балансида Фарғона тумани Дилкушо қишлоғида жойлашган «Умидли темирйўлчи» сиҳатгоҳи борлиги аниқланиб, ундаги кўчмас мулклар хатланган. Улар аукционда сотилишининг олдини олиш қарздорнинг ўзига боғлиқ, акс ҳолда жамиятга тегишли ушбу юқори ликвидли кўчмас мулк сотилади ва солиқ қарзи тўлиқ ундирилиши таъминланади.

МИБ Ромитан тумани бўлимига Ромитан туманлараро иқтисодий судининг 1-қурилиш бошқармасидан 1 млрд. 123 млн. сўм солиқ қарзи ундирувини унинг мулкига қаратиш тўғрисида ижро ҳужжати келиб тушган. Қарздор солиқни белгиланган муддатда тўламагани сабабли унга тегишли «Howo» русумли юк машинаси ва кўчмас мулклари хатланди. Юк машинаси 406 млн. сўм, кўчмас мулки 1 млрд. 60 млн. сўмга баҳоланиб, «E-ijro auksion» савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилди.

Солиқ мамлакат ғазнаси, давлат тараққиёти, халқимизнинг фаровонлиги учун муҳим молиявий асосдир. Уни тўлашдан бўйин товлаётган қонунбузарлар буни яхши англаб олишлари керак.