“Ёрдам беринг, мен фоҳиша эмасман!”

14:30 - 28.02.2021

8

Беруний туманида яшовчи Гулчирой Назарова бир неча йилдан буён Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрига бориб, савдо-сотиқ билан шуғулланиб юрди. Кейинчалик топганига қаноат қилмасдан, осон пул топиш, яъни фоҳишабозликни одат қилади. Орадан бироз ўтиб у Оқтов шаҳридаги ижара уйида фоҳишахона ташкил этади. Иш излаб келган ҳамюртлари орасидан қийин вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни қидира бошлайди.

З.Рўзметованинг бу шаҳарга келиб иши юришмагани учун қарзга ботиб қолганидан хабар топган Г.Назарова ўзини ҳамдард кишидек кўрсатиб, агар хоҳласа уйига хизматкор сифатида олишини, ҳатто қарзини узишга ҳам ёрдам беришини айтиб алдайди. Ҳамюртининг бу гапига ишонган З.Рўзметова қарзини узиш илинжида таклифга рози бўлади. Шундан сўнг Г.Назарова З.Рўзметовани уйига олиб келиб, тўрт-беш кун хизматкор сифатида ишлатади. Шу баҳонада пропискага қўйишини айтиб паспортини ҳам қўлга киритади. Сўнг уни уйидан чиқармасдан фоҳишалик қилишга мажбурлай бошлайди. Бундай ишга қўл урмаслигини айтиб қарши чиққанида таниши бўлган икки эркакни чақириб, калтаклатади ва ўлдириб юборишини айтиб қўрқитади. Шу боис З.Рўзметова бир йилга яқин унинг уйида фоҳишалик қилишга мажбур бўлади.

Алдовига учган иккинчи аёл Т.Шарипова ҳам кўпроқ пул топишни орзу қилиб Г.Назарованинг чангалига тушади. Аммо паспортини қўлига берганидан сўнг Г.Назарованинг муомаласи ўзгарганини кўриб алданганини тушуниб етади. Аёл уни ҳам аввалига дўппослаб, ўлдириш билан қўрқитиб, ҳатто уйининг ертўласига бир неча кун қамаб қўйиб, бўйсунишга мажбур қилади.

Яна бир қурбон К.Дуйсенбаевага ўзини шаҳарда етти-саккизта уйи, бизнеси бор киши сифатида таништириб, уйида икки нафар ҳамюрт аёл яшаши, уларга яхши маош тўлаб бориши, яна ёрдамчилар зарур бўлаётганини айтиб алдайди. уйига келганидан сўнг уни ҳам фоҳишалик қилишга мажбурлайди.

Кунлар ўтган сари Г.Назарованинг зулми кучайиб боради. Тутқундаги аёлларни уйидан чиқармай, зарур нарсаларни ўзи харид қилиб, уларни фақат «ишлаш»га мажбурларди. Ҳатто асирлар қочиб кетмаслиги учун кишини сархуш, онгини фалаж қиладиган дориларни уларнинг овқатига қўшиб беради.

Аммо ҳар қандай нарсанинг охири бўлганидек, кун келиб Г.Назарованинг жирканч фаолиятига чек қўйилиши тайин эди. Тутқундаги аёллардан бири бу ерга келган мижозлардан бирига аҳволини айтиб, ёрдам сўрайди. Хайрият, асирнинг дардини эшитган кишида инсонийлик ҳисси устун келиб, бу ҳақида ҳуқуқ-тартибот идорасига хабар беради. Натижада фоҳишахона эгаси Г.Назарова қўлга олинади. Суд томонидан Г.Назарова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддаси билан айбдор деб топилиб, унга узил-кесил 4 йилу 8 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.