“Ароқни онанг билан ўйнаши ичган!”

13:34 - 28.02.2021

8

Ароқхўр оилада улғайган Ася (исм-фамилиялар ўзгартирилди) турмушга чиқиб, уч фарзанд кўрди. Аммо у ҳам ичкиликка ружу қўйди.  Мастликда бировга жароҳат етказгани туфайли судланди. Ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётганида эри ажрашди. Ароқхўр шериклари билан ўғирлик қилиб қўлга тушди. Бу сафар жарима билан қутулди.

2020 йили Элдорни учратиб, у билан Фарғона тумани Миндонобод қишлоғидаги фермернинг молларини боқиб юрди. Ёз куни кечки пайт соат еттиларда Миндонободдан Фарғонага келиб, онаси Зина ва унинг шишадоши Замир билан кўришди. Икки литр ароқ олиб, Зина ва Замир кўпқаватли уй  ертўласидаги ўзлари учун бошпана қилган жойга келишди. Тўртовлон уч шиша ароқни бўшатгач, маст бўлиб, ўтирган жойларида чўзилишди. Тун яримлаганда уйғонган Элдор Асянинг сумкасидаги ортиб қолган бир шиша ароқни топа олмади. Титкилаганида сумкадаги пичоқ Асянинг ёнига тушди.

– Ароқни боя ётишдан олдин солиб қўйгандим, – деди Элдор аёлга. – Онанг ўйнаши билан ичган!

– Онамга осилма, ярамас!

Иккаласи бир-бирини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қила бошлашди. Уйғониб кетган Зина ва Замир жанжалга  аралашмади.  Ҳақоратига жавобан Элдор Асяни ётган жойида устига чиқиб урди. Ася боя сумкадан ёнига тушиб қолган пичоқни қўлига олиб ўқталгач туриб, ташқарига чиқиб кетди. Ася ертўладан чиқиб унга қарама-қарши тарафга юрди. «Бош оғриғи»га ароқ қолмагани туфайли сўкиниб ташқарига чиққан Замирнинг отган тоши елкасига теккач, Ася баттар тутоқди.  Ортига қайтиб Замирнинг кўксига пичоқ санчди. Кейин яқиндаги гаражлар орасига кириб ухлади. Уйғониб воқеа жойига қайтиб борди. Суриштирув ўтказаётган ходимларга барини айтиб берди.  Нафс кўйида, бир шиша ароқни деб улфатининг умрига зомин бўлган ўттиз яшар А.Саманова 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.