Мактаб деразалари нега бир кўзли?

15:30 - 28.02.2021

5

Фарғона вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан Қува туманидаги 19-мактабни реконструкция қилиш учун ўтказилган танловда «Фарғона тараққиёт қурилиш файз» масъулияти чекланган жамияти ғолиб деб топилади. Компания ва жамият ўртасида шартнома имзоланади. 2020 йилнинг март ойи бошида жамият қурувчилари мактаб биносини таъмирлашга киришади. Иш ҳажми ва сифатини буюртмачи компаниянинг бош мутахассиси А.А. назорат қилиши лозим эди. Жамият раҳбари Б.А. унинг «кўнглига йўл топади». Июль ойининг 27-куни шартномада кўзда тутилган 2 млрд. 869 млн. сўмлик иш тўлиқ бажарилгани тўғрисида ҳисоб-фактура тузилади. Буюртмачининг вакили А.А. тасдиқлаган ҳужжат тўловга тақдим этилади. 

Вилоят прокуратураси талаби билан тайинланган назорат ўлчови ва ҳужжатли тафтишда лойиҳа-смета ҳужжатларида кўзда тутилган, бироқ бажарилмаган 132 млн. 80 минг сўмлик иш қўшиб ёзилиб, тўловга тақдим қилингани, бундан ташқари деразаларга икки кўзи очиладиган (икки қанотли) ПВХ ромлар ўрнига бир қанотли ромлар ўрнатилгани, жами бажарилмаган иш ва қилинмаган харажатлар миқдори 154 млн. 514 минг сўмдан иборатлиги аён бўлди. Ҳужжатларни сохталаштириб кўп пулни ўзлаштирган  МЧЖ раҳбари ва бунга йўл қўйган компания бош мутахассисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Судда жамият раҳбари Б.А. айбига тўлиқ иқрор бўлиб, аслида бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам қўшилиб тўловга тақдим қилинганини тан олган.

– Шундан сўнг камчиликларни тузатишга киришдик. Лойиҳада кўзда тутилмаган бўлса-да, мактаб ошхонасини ҳам таъмирладик. Аниқланган камчиликларга нисбатан саккиз миллион сўмлик ортиқча иш бажарилди, – деди судланувчи ва моддий зарар бартараф қилинганини инобатга олишни сўради. 

Унинг шериги, инжиниринг компаниясининг бош мутахассиси А.А. қурилиш-таъмирлаш жараёнини назорат қилгани ҳафтада икки-уч марта  объектга бориб тургани, иш сўнгида далолатнома тузилиб тўловга тақдим қилингани, кейинчалик ўтказилган назорат ўлчовида аниқланган камчиликлар тузатилгани, сифатсиз ва охирига етказилмаган иш тўловга қабул қилингани учун айбдорлигини, қилмишидан пушаймонлигини баён этган. Зарарни тўлиқ қоплаган судланувчиларга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.