“Эшитдингизми, пластикка пул тушди!”

14:51 - 27.02.2021

9

Руслан отасининг фермер хўжалигида унга ёрдам бериб келарди. Ўша куни хўжаликка тегишли пластик картани олиш учун «Агробанк»нинг Қамаши филиалига борди. Биринчи қаватдаги ҳисобчилар бўлимига кириб, шу бўлимда ишловчи ходимга учрашди. Унга отаси Қ.Қодиров раҳбар бўлиб ишлайдиган «Жўра бобо ўғли Қобил» фермер хўжалигига тегишли пластик картани олиш учун келганини айтди.

– Ана, столнинг устига қаранг, – деди нимагадир андармон бўлган ходим. – Пластикларнинг орасидан ўзингизникини топиб туринг… Мен ҳозир…

Руслан пластик картасини топиб, рўйхатга қўйдириб, ташқарига чиқди. Энди уйига кетмоқчи бўлиб турганида атрофдагилардан фермер хўжаликларининг карталарига пул тушганини эшитиб қолди. Шу топда кўз ўнгига банк ходимининг столида қалашиб ётган карталар келди. Кўнглига шум ният оралади…

Қайтиб ичкарига, яна ҳисобчилар хонасига кирди. Бояги ходимнинг столи олдига бориб, ўзларига тегишли карталарни излаётган мижозлар қаторига туриб олди. Атрофда мижозлар сийраклашгач, пластик карталар ичидан бир нечтасини олиб, чўнтагига солди ва секингина жуфтакни ростлади.

Қарши шаҳрига бориб, «Янги бозор» ёнидаги қурилиш материаллари сотиладиган дўкондаги терминалда карталарнинг бирини текшириб кўрди. Унда 5 млн. 108 минг сўм пул бор экан. Русланнинг димоғи чоғ бўлиб кетди. Пулни икки фоиз эвазига нақдлаштириб, совуришни бошлади. Кейинги сафар Ғузордаги деҳқон бозори ёнида навбатдаги пластикдан 15 млн. 495 минг сўмни нақдлаштириб олди.Бу пулга бозордан энг сара кийим-кечаклар сотиб олди. Қолганини ҳам эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди. Руслан нақ қайнархумчани қўлга киритган шаҳзодадай ҳис қиларди ўзини.

Эртаси куни «бойвачча» йўлни Қамаши томонга бурди. Тумандаги «Файз» деҳқон бозори ёнидаги дўконда ишловчи таниши Анварга телефон қилиб, пластик картаси борлигини, ундаги пулни нақдлаштириб беришини илтимос қилди. Анвар рози бўлди. Бу ерда 12 млн. 300 минг сўмни санаб олди. Сўнг бориб, дўконлардан олган қарзларини тўлади.

Кейинги сафар Ғузорда карталардан биридан 22 млн. 987 минг сўм ечди. Шундан сўнг банкдан ўғирлаган барча карталарини йўлга отиб юборди.

Орадан бир неча кун ўтиб, уйига «Агробанк»нинг Қамаши филиали ҳуқуқшуноси келди. Русланга у бир неча фермер хўжалигига тегишли пластик карта пулларини нақдлаштиргани ҳақида маълумот борлигини, бу ҳолат кузатув камералари ёзувларида муҳрланганини айтди. «Бойвачча»нинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Барча қилмишларини бўйнига олишга мажбур бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани судида Русланбек Жўраевнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, судланувчи 1988 йилда туғилган. Маълумоти ўрта-махсус, оилали, битта фарзанди бор. Вақтинча ишламайди. Қамаши тумани Ўртачим қишлоғида яшайди. Судда ҳам у пушаймонлик билан барча айбларига иқрор бўлди. Маълум бўлишича, 5 та пластик картадаги жами 65 млн. 42 минг сўм пулни ўзлаштириб юборган экан. Судда унинг қилмишлари бир қатор далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатувлари билан ўз исботини топди.