Банкирлар омонатчиларнинг шўрини қуритди

14:28 - 27.02.2021

11

Азалдан халқимизда бировнинг ҳаққини ейиш, омонатга хиёнат қилиш кескин қораланган. «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Сариосиё филиалининг бир нечта ходими бу нақлни унутди. Улар фуқароларнинг банкка ишониб топширган омонатларини, кредит олган одамларнинг қарзини қайтариш учун тўлаган пулларини, банк мижозларининг ҳисобрақамида турган маблағини, ҳатто ўқитувчиларнинг ойлик маошларини ҳам талон-торож қилгани фош этилди.

Бу ишларга «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Сариосиё филиали бошқарувчиси лавозимида 2016 йил июль ойидан 2020 йилнинг мартигача ишлаган Иброҳим Холмуродов бошчилик қилади. У жиноий қилмишларига филиалнинг чакана амалиётлар бўлими бошлиғи Шамсиддин Шукуровни шерик қилиб олади.

Икковлон дастлаб 2018 йилнинг август ойида Ш.Зиёдуллаеванинг омонат ҳисобрақамидаги  19 млн. 950 минг сўм пулини сохта чиқим ордери орқали олиб, ишлатиб юборишади. Омонатчи бундан бехабар бўлган. Кейинги сафар улар 2019 йилнинг сентябрь ойида банкнинг яна бир омонатчиси Т.Почаеванинг 43 млн. 605 минг сўм пулини олиб, шахсий манфаатларига сарфлашади.

Хиёнаткор банкирлар бу билан чекланмайди. 2019 йилнинг октябрь ойида яна бир омонатчининг шўрини қуритишади. Хусусан, С.Раҳмонқуловнинг банк филиали омонат ҳисобрақамида бўлган 174 млн. 104 минг сўм пулини ҳам сохта чиқим ордери орқали олиб, ишлатиб юборишади.

Бу шахслар фаолияти давомида тадбиркорларга ҳам зиён етказгани маълум бўлди. Жумладан, улар «Дилмурод Давр» хусусий корхонаси раҳбари М.Тоғаймуродов банкдан олган кредитини қайтариш учун 2019 йил март-апрель ойларида бўлиб-бўлиб тўлаган 38 млн. 450 минг сўм пулнинг 24 млн. 302 минг сўмини ҳам шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишган экан.

И.Холмуротов ва Ш.Шукуров 2020 йилнинг январь ойида «Шарғун бунёдкори» корхонасига тегишли 8 млн. сўм ҳамда «Аброр кафолат сифат» МЧЖга тегишли 6 млн. сўм пулни ўзлаштириб олишади.

Мижозларнинг ҳисобрақамидаги пулга эга чиқиш ёқиб қолган шекилли, кейинги сафар И.Холмуротов ва Ш.Шукуров бойроқ тадбиркорнинг ҳисобрақамига чанг солади. «Алоқа имкон» МЧЖнинг ҳисобрақамида турган 320 млн. 700 минг сўм пулни ўзларидаги МЧЖга тегишли чекларга сохта имзолар қўйиб, банк ғазнасидан пулни олишади.