37 нафар битирувчига уй берилди

13:00 - 26.02.2021

7

Самарқанд вилоятида етим болаларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Вилоят прокуратураси ташаббуси билан ҳокимлик, ички ишлар, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамкорлигида «Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг соғлиғи, таъминоти, тарбияси ва таълим берилиши аҳволини ўрганиш тўғрисида»ги қўшма қарор қабул қилиниб, туман ва шаҳарлар бўйича махсус гуруҳлар тузилган ҳолда васийлик ва ҳомийлик белгиланди. Патронат ёрдамида оилаларга жойлаштирилган 3150 та боланинг соғлиғи, таъминоти, таълим олиши, ота-онасига тегишли мулкларнинг тақдири ҳамда улар яшаётган оилаларнинг аҳволи бирма-бир ўрганиб чиқилди.

Гуруҳлар томонидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, бироқ васий ё ҳомий бириктирилмаган болалар ҳар бир маҳалла ва таълим муассасасида ўрганилганда яна шундай 1352 бола борлиги аниқланди. Уларнинг 649 нафарига васий ва ҳомий бириктирилиб, 7 нафари патронат оилаларга топширилди, 11 нафари меҳрибонлик уйи ва SOS болалар маҳалласи Самарқанд вилояти бўлимига жойлаштирилди. Ушбу тоифадаги 1561 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, 55 таси вилоят ва туман шифохоналарида бепул даволанди.

Вилоятда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси бўлмаган болалар рўйхати тузилди, улардан 215 нафарига гувоҳнома расмийлаштирилди, 262 боланинг ота-онасига тегишли мулкларга тақиқ қўйилди. 45 нафар болага боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланди. 9 боланинг манфаатини кўзлаб судларга ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида киритилган даъво аризалари қаноатлантирилди. 129 болага қишки кийим, 62 болага тиббий жиҳоз ва дори-дармонлар, 436 болага бадиий китоб ва ўқув қуроллари олиб берилди. 150 та оилага моддий ёрдам берилиб, 95 та бола яшаётган оилалар суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланди.

Ҳунар мактаблари тизимида ижтимоий кўмакка муҳтож 75 бола учун вилоят прокуратураси ташаббуси билан «Меҳр-эътиборга муҳтож ёшларга меҳр улашиш – олийжаноб фазилат» хайрия акцияси ташкил этилди ва уларга иссиқ кийим-кечаклар, совғалар тарқатилди.

Алоҳида дастур тузилиб, Президентимиз илгари сурган 5 та ташаббус бўйича меҳрибонлик уйларида «Умид» ва «Лочин» футбол жамоалари, шахмат ва шашка, муайтай ва ўзбек қўл жанги секциялари, «Ёш китобхон» клуби, пазандачилик тўгараги, «Болалар» ва «Меҳржон» қўшиқ гуруҳлари, «Шалола» ва «Бинафша» рақс жамоалари ташкил этилди. Улар ўртасида мусобақалар уюштирилмоқда. 

Дастур доирасида Самарқанд шаҳридаги чет тиллар, аниқ, табиий ва ижтимоий-гуманитар фанларга ихтисослашган «Fast education» ва «Ta’lim ko‘prigi» нодавлат таълим муассасалари билан меҳрибонлик уйлари ўртасида меморандумлар тузилиб, болаларни ўқув курсларида бепул ўқитиш йўлга қўйилди. Меҳрибонлик уйларини тамомлаганларнинг 37 нафари уй билан таъминланди.