2-сектор штаби эшиги — хотин-қизлар учун очиқ

11:55 - 26.02.2021

13

Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор штабида ташкил этилган бепул ҳуқуқий-психологик маслаҳатхона бугунги кунда муаммога дуч келган ҳар бир хотин-қиз учун очиқ. Марказда 6 нафар прокурор аёл ва 12 нафар психолог муаммога учраган юзлаб аёлларнинг дардига малҳам бўлишмоқда. 2020 йилда 384 нафар, жорий йилнинг ўтган даврида 88 нафар хотин-қизнинг муаммоси ўрганилиб, бартараф қилиш чоралари кўрилди. Уларнинг 58 нафари мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди. 

Конституциямизнинг 63-моддасига асосан оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги эътироф этилади. Агар ажрим сабаби фақат оиладаги келишмовчилик, учинчи шахс аралашуви ёки моддий қийинчилик бўлса уларни бартараф қилишга қаратилган ҳуқуқий маслаҳатлар бериш лозим бўлади.

2020 йилда Бухоро вилоятида фуқаролик ишлари бўйича судларга ва ФҲДЁ органларига ажрим билан боғлиқ 1514 та ариза келиб тушган. Вилоят  прокурори секторида ташкил қилинган хотин-қизлар ҳуқуқий психологик маслаҳатхонасида 2020 йилда ажрим ёқасига келиб қолган 286 та, жорий йилнинг ўтган даврида 27 та оилани яраштириш чоралари кўрилиб, 159 нафар аёлга ҳуқуқий ва психологик маслаҳат берилган.

Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож 1533 нафар хотин-қизга турли хил ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 436 нафари ишга жойлаштирилди. 293 нафарига 240 млн. сўм моддий кўмак, 160 нафарига тиббий ёрдам ва 50 млн. сўмлик дори-дармон берилди. Тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 520 аёлга имтиёзли кредит ажратилиши таъминланган.