Мақомидан мосуво оталар

17:31 - 26.02.2021

17

Суд зали. Суднинг қора курсиси. Қора курсидаги судланувчи…

Бу каби атамаларга асосан бирор жиноят билан боғлиқ суд очеркларидагина кўзингиз тушади. Шу боис жиноят тафсилоти билан танишар экансиз, аксарият ҳолларда судланувчига нафрат уйғонади, жабр ланувчига нисбатан эса ачиниш ҳисси пайдо бўлади.

Жорий йил 19 февраль куни жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида алимент масаласи кўриб чиқилди. Судда қатнашганимга анча йиллар бўлганди. Шу сабабли гувоҳи бўлганларим каминага ўзгача таъсир қилди. Суд ва прокуратура ходимларидан фарқли ўлароқ, зурриёди учун тайинланган алиментни тўлашдан бў йин товлаган оталар, уларга тайинланаётган жазолар ҳақида ОАВдан хабар топиш бошқа-ю, бунга бевосита гувоҳ бўлиш, даъвогар билан жавобгарнинг важларини эшитиш умуман бошқа экан.

Хуллас, иш ҳужжатларидан маълум бўлишича, биринчи ҳолатда Ж. исмли фуқаро 2012 йилда хотини билан ажрашган. Аслида ажрашган дейишнинг ўзи ҳам мантиққа унчалик тўғри келмайди: эр-хотиннинг ўртасида на қонуний ва на шаръий никоҳ бор. Аммо фарзанд дунёга келиб, ота қизчасини тан олган, фамилиясини берган. Кўп ўтмай ўртада зиддият пайдо бўлиб, ажралишади. Она суд га мурожаат қилгач, фарзанд таъминоти учун алимент тайинланади. Ота аввалига бир миллион сўм, сўнгра 800 минг сўм тўлайди ва шу билан ғойиб бўлади, орада яшаш жойини ҳам ўзгартириб туради. 2014 йилда қидирувга берилади. Топишнинг иложи бўлмагач, она уни оталикдан маҳрум қилишни сўраб судга мурожаат қилади. Ж. судга келмайди ва сиртдан оталик ҳуқуқидан маҳрум этилади.

2019 йилда Ж. пайдо бўлади ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари унга мажбуриятини эслатишади. У бўлса «ана тўлайман», «мана тўлайман» дея вақтдан ютиш пайида бўлади. Бу орада она турмушга чиқиб, хорижга кўчиб кетган, бола бувининг қарамоғида қолган эди. 2020 йилда пандемия туфайли Ж.га енгиллик берилади. У ортиқча безовта қилинмайди. Аммо у бундан хулоса чиқармайди. 2021 йилга келиб, энди буви қизининг номидан ишончли вакил сифатида алимент ундиришни сўраб судга мурожаат қилади. Бу пайтда ота тўлаши керак бўлган алимент миқдори 116 млн. 700 минг сўмдан ошган экан.

Эътиборли жиҳати, Ж. судьянинг нима учун шу пайтгача алимент тўламагани ҳақидаги саволига «Бу ҳақда менга ҳеч ким мурожаат қилмади. Уларнинг қийналиб қолганини билмаган эдим» дея жавоб берди. Мантиқсиз баҳона. Ваҳоланки, ҳозиргина бундан 8 йилча олдин фарзандининг таъминоти учун 1 млн. 800 минг сўм тўлаганини айтган эди. «Сизни бу ҳақда бир неча марта огоҳлантиришган экан-ку?!» деган саволга эса иккинчи оиласи, тўртта боласи борлигини, топган-тутгани уларнинг таъминотидан ортмаётганини рўкач қилди. Қолаверса, ким билсин, балки у оталик ҳуқуқидан маҳрум қилингани туфайли алимент тўлашдан озод этилишидан умидвордир? Агар шундай хаёлда бўлса, хомтама бўлмасин: Оила кодексининг 81-моддасида «Отаоналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота- она қайси болага нисбатан ота- оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота- онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди» деб белгилаб қўйилган.

Шундай бўлса-да, у оталик ҳуқуқини тиклаш тўғрисида суд-
га ариза берганини билдириб, мазкур масала ҳал бўлгунича ишни кўрмай туришни илтимос қилди. Суд унинг талабини инобатга олди.

Суд мажлиси тугагач Ж. билан суҳбатлашдим. Ж. фарзандидан асло воз кечмаслигини, қандай бўлмасин оталик ҳуқуқини тиклаб, уни яна қарамоғига олишини, пулни ҳам албатта тўлашини таъкидлар экан, унга ишонгим келди. Бироқ хайрлашиш арафасида «Ҳали қараб туришсин! ДНК қилдираман. Бу бола ростдан ҳам меникими ёки йўқ, ҳаммасини аниқлайман» деганидан кейин иккиланиб қолдим. Бюро ходими «Унга ишонманг, икки йилча бўлди ДНК қилдираман деб юрганига. Нима қилиб бўлса-да, вақтдан ютмоқчи. Биз ҳам бўш келмаймиз…» дегач эса унга ишончим тутун каби ҳавога сингиб кетгандек бўлди. Агар қарздор ростдан ҳам боласининг таъминотидан қочиш учун найранг қилаётган бўлса, нимаям дердик, буёғи унинг виждонига ҳавола. Эртага бу қилмиши учун жавоб берадиган ҳам унинг ўзи…

Алиментдан 6 млн. сўм қарзи бор иккинчи ота суд залига таклиф қилинганда эса уни кўриб, очиғи, ҳайрон бўлдим. Баланд бўйли, навқирон, ёзувчилар таъбири билан айтганда, тоғни уриб талқон қилгудек. Даъвогарнинг айтиши ва иш ҳужжатларидан аён бўлишича, қарздор А. судга ойлик маоши ҳақида сохта маълумот тақдим қилган. Бу шахсга суд томонидан фарзандининг таъминоти учун ҳар ойда 170 минг сўмдан тўлаш тайин лангани ҳам даъвогарнинг гапи чинлигига исботдек туюлди. Бу албатта шахсий фикрим, қолаверса, мазкур ҳолатга суд қонуний баҳо беради.

Айтмоқчи, қарздор суд жараёнида шу кунгача алиментни тўлиқ тўлаб келганини билдириб, тўлов квитанцияларини ҳам тақдим этар экан, қарз қаердан пайдо бўлганига изоҳ сўради. Бюро ходимининг судга тушунтиришича, А. ҳақиқатан ҳам 2020 йилгача алиментни тўлаб келган. Бироқ пандемия бошлангани сабабли ишсиз қолган. Бу эса уни алимент тўлаш мажбуриятидан озод этмайди. Оила кодексининг 102-моддасида «…Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин» деб қайд этилган. Шунга кўра қарздорнинг ишламаган даври учун қатъий сумма белгиланган ва шу сабабли яна қарздорлик пайдо бўлган.

Фуқаро А. шундан кейингина суддан қарзини тўлаш учун 1 йил муҳлат сўраб, қисқартиришга кўнмади. Даъвогар эса бу муддатнинг кўплигини айтиб, эътироз билдирди. Юқоридагилардан келиб чиқиб суд А.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланишини эълон қилди.

Айтмоқчи, маълум бўлишича, даъвогардан ажрашганидан ке йин қарздор яна бир аёл билан турмуш қуриб, ундан икки нафар фарзанд кўрган. Буни қарангки, орада у билан ҳам ажрашишга улгуриб, айни пайтда бошқа аёл билан яшаётган экан. Ҳозирча иккинчи аёли фарзандларининг таъминоти учун уни судга бермабди. Энди учинчи никоҳидаги аёл ҳамда туғилажак фарзандларининг тақдири ҳам унга боғлиқ. Умид қиламизки, белгиланган 15 суткалик қамоқни ўташ қарздорга қилмишларининг оқибатини таҳлил қилиб, хулоса чиқариши учун етарли бўлади. Акс ҳолда…

Ғофуржон АЛИМОВ,
«Huquq»