Энди ўқувчиларнинг узоғи яқин

17:30 - 25.02.2021

5

Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятида берган топшириқларига биноан маҳаллабай иш йўлга қўйилиб, муаммоларнинг ечими топилмоқда. Ободонлаштириш, коммунал тизим тармоқларини тузатиш ва қуриш, йўлларни теккислаш, оилавий ва кичик бизнесни ривожлантириш, тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб янги иш ўринлари яратиш, ёшларни ҳар томонлама рағбатлантириш борасида диққатга сазовор иш олиб борилмоқда.

Хусусан, Мустақиллик маҳалласидаги муаммолар (газетамизнинг 2019 йил 26 сентбрдаги сонида «Ёзувчилар кўпайиб кетди» номли мақолада тилган олинган – И.И.) ҳал этилаяпти. Табиий газ, электр энергияси, сув таъминоти изга тушди. Кўчаларга оқава сув тармоғини қуриш, сўнг асфальт ётқизишга киришилмоқда. Энг муҳими, эҳтиёж ҳисобга олиниб, маҳаллада ўқувчиларнинг узоғини яқин қилиш мақсадида янги мактаб қурилди. 264 ўринли мактаб ўқув йилининг учинчи чорагида, 2021 йилнинг январь ойида ишга туширилди. Тўкис  жиҳозланган 43-мактабнинг кенг ва ёруғ синфхоналарида 24 нафардан ўқувчи таълим олмоқда. Катта, кенг спорт залидаги машқларда  тобланишаяпти. Кунлар исиганда эса машғулотлар сунъий қопламали стадионда ўтказилади.

Таълим-тарбия тадбирларида Фарғона давлат университетининг профессори Сиддиқ Мўмин, филология фанлари номзоди Маҳфузулло Раҳмонов берган сабоқлар ўқувчиларнинг билимларини бойитди, дунёқарашини кенгайтирди. «Ватанпарвар» ташкилотининг мутахассислари ҳакамлик қилган мусобақалар болаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига яна бир туртки бўлди.

Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ташаббуси билан таваллуд айёми нишонланаётган кунларда маърифатпарвар подшо ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қадамжолари бўйлаб Андижон шаҳрига саёҳат ташкил этилди. Янги  мактабнинг ўқувчилари бешта автобусда шаҳардаги зиёратгоҳларда бўлиб, умр бўйи эсда қоларли таассуротлар билан қайтишди. Бу каби тадбирлар, ички туризмнинг ривожлантирилиши ёшларда ватанпарварлик туйғусини жўш урдиради.