“Харажати бор, “юқори”га беришим керак…”

11:54 - 25.02.2021

10

Шофирконлик Баҳодир Бобомуродов (исм-фамилияси ўзгартирилган) туман тиббиёт бирлашмаси тери-таносил касалликлари лабораториясида ишлайди. Сўзга чечанлиги боис бўлса керак, таниши Жобир ундан Ойгул исмли қизни ишга қўйиш масаласида ёрдам беришини сўради.

– Бўпти. Ёрдам бераман. Олиб кел қани қизни.

– Мана шу киши. Қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

– Ҳмм, паспортдан нусха, меҳнат дафтарчаси… – корчалон ўйланиб қолди. – Бироз харажатиям бор, биласиз-ку, менга эмас, шу ишни битириб берадиган кишига беришим керак.

– Қанча экан?

– 700 минг сўм. Марказий касалхонанинг туғруқхона бўлимига хизматчиликка жойлаштирамиз…

Бир зумда нима бўлди, билмай қолди. Гўё осмон чирпирак бўлиб айланди-ю, Баҳодир Бобомуродов қўлларида яшил рангли «Пора-2020» ёзувини кўриб қўрқиб кетди. Наҳотки!.. Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин эмас, жуда тез чиқиши мумкинлиги ўйламаганидан ўкинди.

Суд ҳукми билан бир йил моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган Б.Бобомуродовга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараварига тенг жарима жазоси ҳам тайинланди.