Солиқчи билан ўринбосар нега ушланди?

17:19 - 24.02.2021

6

Кишиларда ўз муаммосини осон йўл билан битириш истаги бор экан, порахўрликни бутунлай бартараф этиб бўлмайди. Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан 2020 йилда коррупцияга қарши 554 та тадбир ўтказилди. Одамлар ўз ҳуқуқини қанча яхши билса, қонунларга шунча итоат этишга уринади. Натижада жамиятда қонунбузарликлар камаяди.

Афсуски, шунча тарғиботга қарамасдан айримлар ҳамон коррупцияга қўл урмоқда. Бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтган йили 76 та коррупция ҳолати фош этилиб, барчаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Жумладан, бошқарма ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Қарши тумани давлат солиқ инспекцияси ходими Х.Б. Потрон маҳалласида яшовчи Ж.Ў.га уйида дўкон ташкил қилиб, ноқонуний равишда савдо-сотиқ билан шуғуллангани учун товарларини мусодара қилмаслик эвазига 500 минг сўм талаб қилиб, ушбу пулни олган вақтида ушланди.

Яна бир мисол. Бошқарманинг Китоб тумани бўлими ва прокуратура ходимлари ҳамкорлигида Китоб қишлоқ хўжалиги коллежи директорининг ўринбосари О.Э. фуқаро Д.Д.нинг фарзандининг йиртилган дипломини қайта ёзиб бериш эвазига 350 минг сўм пора олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Кўриниб турибдики, ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Бу тарғиботни янада кучайтиришни, одамларга жамиятимизда қонун устуворлигини кўпроқ уқтиришни тақозо этади.