Иқтисодий барқарорликни қарор топтириш йўлида

11:44 - 24.02.2021

8

Иқтисодий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси томонидан иқтисодий соҳадаги қонунчилик ижроси устидан назоратни амалга оширишда мамлакат иқтисодий ривожида муҳим аҳамият касб этувчи долзарб ва устувор соҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан, 2020 йилда иқтисодий соҳада қонунчилик ижроси устидан ўтказилган 3.013 та назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш мақсадида 21.804 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, натижаси бўйича 20.432 та шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Назорат тадбирлари давомида 10,2 млрд. сўмдан ортиқ моддий зарар айбдорлардан ихтиёрий қопланди, судларга жами 115 млрд. сўмлик 1.419 та даъво аризалар киритилди, аниқланган қўпол қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 389 та жиноят иши қўзғатилди.

Шу жумладан, бевосита бошқарма томонидан ўтказилган текшириш ва таҳлиллар натижасида 330 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган ва қўпол қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 18 та жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, назорат тадбирларини ташкил этишда инвестиция дастурлари доирасида бюджет ва унга тенглаштирилган маблағлар ҳисобидан қурилиш – таъмирлаш ишларини олиб бориш, экспорт ва инвестиция кўрсаткичлари ижросини таъминлаш, бўш бинолардан самарали фойдаланиш, банклар ва кредит ажратиш каби муҳим соҳаларда тизимли прокурор назорати ўрнатилди.

Хусусан, тадбиркорлик ва уни қўллаб – қувватлашга оид масалалар прокурорларнинг доимий диққат марказида бўлиб, ушбу даврда тадбиркорлик субъектларига 23.600 дан ортиқ амалий ёрдам кўрсатилди, фаолият кўрсатмаётган 19.307 дан ортиқ тадбиркорлар фаолияти тикланди, 50.800 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашиш ва ноқонуний текшириш билан боғлиқ 181 та ҳолат аниқланиб, айбдорларга тегишли чоралар кўрилди.

Бундан ташқари, прокуратура органлари томонидан пандемия шароитида маҳаллий тадбиркорларга маҳсулотларини реализация қилишда амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди.

Дастлаб аниқланган 6.237 та тадбиркорнинг омборларида сақланаётган маҳсулотларнинг 3,9 трлн. сўмлиги ички бозорларда сотилиши ҳамда 393,3 млн. доллар миқдорда экспорт қилиниши таъминланди.