Фарзандлар аросатда

10:20 - 24.02.2021

12

Ижтимоий тармоқларда «Ажрим ёқасидаги оилалар кўришсин, ажрашганда фарзандлар қандай сарсон бўлиб, изтироб чекишини кўришсин!» деган видео тарқалди. Воқеа 2020 йилнинг 18 сентябрь куни Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида содир бўлган.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2020 йил 9 январдаги О.Б.нинг тарбиясида бўлган 11 яшар Д.С. ва 8 яшар А.С. исмли фарзандларини онаси Ф.Б.нинг тарбиясига олиб бериш тўғрисидаги қарори бўлимга 6 мартда келиб тушган ва шу куннинг ўзида ишга киришилган. Давлат ижрочиси Х.Бозорбоев ижро ҳужжатида кўрсатилган талабни бажариш учун О.Б.га 15 кун муддат берган.

 Мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсадида О.Б.нинг уйига бир неча марта борилганда фарзандлари онасига бормаслигини билдирган. Шундан сўнг фарзандлар Жомбой тумани бўлими биносида далолатнома расмийлаштирилган ҳолда отасидан онасига олиб берилган. Ҳозир фарзандлар онаси тарбиясида, мактабда таҳсил олишмоқда.

Худди шундай, фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 2020 йилда туғилган болани отасидан онаси тарбиясига олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжати 2021 йилнинг 1 февраль куни бюронинг Янгиариқ туман бўлимига келиб тушган ва ишга киришилган.

Ижро ҳаракатлари давомида ота боласини онасига ихтиёрий равишда топшириши тўғрисида огоҳлантирилган. Лекин у бундан бош тортган. Шунга кўра давлат ижрочилари томонидан тегишли органлар ва холислар иштирокида бола онаси тарбиясига олиб берилиши таъминланди.

Ота-оналарнинг ажралиши жамият учун ачинарли ҳолат. Аслида бундан фарзандлар кўпроқ жабр чекади…