“Онангнинг бошида рўмоли йўқ, хулқи ҳам бузуқ!”

11:48 - 23.02.2021

6

Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида содир этилган қотилликда ким айбдор? Қотилми ёки марҳумми? Бу савол кўпчиликни ўйлантирди. Зеро, ўз отасини ваҳшийларча ўлдирган 18 ёшли қотил ўғил аввал судланмаган, отасини калтакламаган, кўча-кўйда сандироқлаб юрадиган безори бўлмаган.

Мазкур қотилликка кўп жиҳатдан ичкилик сабаб бўлган десак, тўғрироқ бўлади. Чунки ота ичкиликка ружу қўйгандан кейин оиласи билан ажрашган. Айнан ароқ таъсирида ўз ўғли билан гап талашиб, уни ҳақорат қилган. Ўғил эса отасининг гапларини кўтара олмай, падаркуш бўлган.

М.Қосимова турмуш ўртоғи Р.Қўчқоров билан оилавий келишмовчиликлар сабаб ажрашиб кетади. Фарзандларини ёлғиз вояга етказади. Қизларини турмушга беради. Фарзандлари орасида кенжа ўғил А.Турсунбоев отаси Р.Қўчқаров билан учрашиб, суҳбатлашиб туради. Бундай учрашувларда кўпинча ота спиртли ичимлик ичиб, собиқ турмуш ўртоғини ҳақорат қилиб, у ҳақида турли ноўрин гапларни айтарди.

Ўша куни ҳам А.Турсунбоев отасини кўргани келганида, яна онасининг хулқи бузуқ аёл экани ҳақида ҳақоратли гаплар эшитади. Шундан сўнг ота-бола жанжаллашиб, ўғил уйдан чиқиб кетади. Орадан бир неча кун ўтгач, отаси унга телефон қилиб, уйига чақиради. Ўғил шу куни мақсадини амалга ошириш учун пичоқ олиб боради.

А.Турсунбоев отасининг хонадонига борганида у маст эди. Салом-аликдан сўнг Р.Қўчқоров яна собиқ турмуш ўртоғини ёмонлай бошлади. М.Қосимовани рўмол ўрамаслиги, хулқи бузуқлигини айтиб ҳақорат қилади. Онаси ҳақидаги бундай гаплар йиигитга ёқмайди ва отасидан онасини тинч қўйишини сўрайди. Шундан сўнг ота ва ўғил гап талашиб, Р.Қўчқоров ўғлига бир шапалоқ уриб юборади. Фарзанд эса пичоқ билан отасининг бир неча жойига уради.

Йигит отасининг уйидан чиқиб, тоғасининг олдига боради ва унга бўлган воқеани гапириб беради. Шундан сўнг икковлон ички ишлар идорасига боришади, ўғил қилмишига иқрор бўлади. Суд А.Турсунбоевни 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм ўқиди.