Икки йил қочиб, мактаб ҳовлисида қўлга тушди

10:48 - 23.02.2021

4

Абдурайимнинг қилмиши тафсилотлари эртакдаги қирқ ёлғондан ҳам ўтиб тушади. Дастлаб у самарқандлик амакиваччаси Шерзод Ғойиповни чув туширди. Шерзоднинг отаси АҚШда ҳунармандчилик билан шуғулланиб, яхшигина пул жўнатишини биларди.

– Танишларим зўр, – деди унга керилиб. – Термиз давлат университетига ўқишга киритиб қўяман. Харажати олти минг доллар бўлади…

«Ҳожатбарор» пулни олиб, ўзлаштириб юборди. Аммо экспертизада Ш.Ғойипов Сиёб қурилиш ва миллий ҳунармандчилик коллежини 2009 йилда тугатгани ҳақидаги маълумотнома қалбаки бўлиб, муҳр рангли принтерда тайёрлангани ошкор бўлиб қолди. Абдурайим эса ўз қариндошини чув туширишда давом этарди.

– Менинг тўрт гектар ерим бор, шу ерда кўкат экиб пул ишлаймиз, – деб ундан 2000 АҚШ долларини санаб олди. Бир ой ҳам ўтмасдан янги таклиф билан келди. “Биржада қатнашиб, кимёвий ўғитларни арзон нархда сотиб олиб, бизнес қиламиз”, деганига қариндоши чиппа-чин ишониб, 5000 долларини қўшқўллаб топширди. Кейинги гал Термиз туманида автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси қуришни режалаштиргани, маблағи етарли эмаслиги, пул бериб турса «заправка»ни қуриб, унинг номига расмийлаштириб беришини айтиб авради. Шерзод қурилишга пулни аямади. Бироқ… қурилиш битгач, Абдурайим уни Илҳом Назаров раҳбарлик қилган «Роял софи» хусусий корхонаси балансига ўтказиб олди. Бу орада Шерзодга навбатдаги қимматли маслаҳатини ҳам беришга улгурганди:

– Термиз шаҳри Ибн Сино кўчасида бўш ер бор экан. Шу жойда супермаркет қурмоқчиман. Пул бериб турсангиз, қуриб номингизга ўтказиб бераман…

Пул дарёдай оқди. Бироқ супермаркетнинг фақат пойдевори қурилди, холос. Абдурайим ерни бошқа тадбиркорга сотиб юбориб, 22200 долларни жиғилдонига урди.

Кейинги гал Абдурайим таниши Д.Ҳайитмуродовни фириб тўрига туширди. Унга Сурхондарё вилояти «Халқ банки»да танишлари борлигини, улар ёрдамида 250 млн. сўм кредит олиб беришини, бунинг учун пулнинг 10 фоизини «узатиш» зарурлигини айтди. Кредит умидида тадбиркор айтилган пулни берди. Бироқ алданганини кейинроқ англаб етди.

Абдурайимнинг ёлғони бу билан ҳам тугамади. У яна қариндоши Ш.Ғойиповнинг ишончига кириб, унга Термиз шаҳри Гулшан кўчасидаги «Ойбек» ошхонаси сотилаётганини, мижозлари кўплигини, агар сотиб олиб бирга бизнес қилса, катта даромад кўришларини айтди. Шу тариқа қариндошининг 55400 долларини қўлга киритиб, ошхонани харид қилиб, ўз номига ўтказиб олди. Бу орада қариндошнинг 600 долларлик телефони ҳам Абдурайимнинг қўлида «ғойиб бўлди».

Абдурайим Назаровнинг қилмишлари ошкор бўлиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ўтказилаётган пайтда дўппи тор келиб қолдими, жуфтакни ростламоқчи бўлди. Икки йилдан ортиқроқ қочиб юрди. Охири Термиздаги бир мактаб ҳовлисида қўлга тушди. Бироқ шунда ҳам ички ишлар ходимига қаршилик кўрсатиб, унга жароҳат етказди.

Суд ҳукм қилди. Абдурайим Назаровга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан олти йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.