Ҳарбийлар тадбирга оиласи билан бирга чорланди

17:40 - 22.02.2021

6

Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ҳарбий хизматчилар, камбағал оилалар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида кенг миқёсли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан Навоий ҳарбий прокуратураси томонидан вилоят миллий гвардия бошқармасида ташкил этилган меҳнат ярмаркаси шулардан бири. Унда 50 нафар ишсиз ёшга вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, унинг туман ва шаҳар бўлимларида ҳамда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасидаги бўш иш ўринларига жойлашиш учун йўлланма берилиб, шу жойнинг ўзида 44 нафари билан меҳнат шартномаси имзоланди.

Шунингдек, Ҳарбий прокуратура ва вилоят миллий гвардия бошқармаси ҳамкорлигида вилоят қўриқлаш бошқармаси таркибидаги ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизматида 50 та янги иш ўрни яратилди.

Таъкидлаш жоиз, қўриқлаш хизматига номзодлар суҳбат ва жисмоний тайёргарлик синовини ўз ичига олган танлов асосида ишга қабул қилинади. Шу куннинг ўзида 100 га яқин киши суҳбатга жалб этилиб, 40 нафари синовдан ўтди. Яқин кунларда уларнинг жисмоний тайёргарлик синовидан ўтганлари белгиланган тартибда ишга қабул қилиниши эса қувонарли ҳол.

Мазкур тадбирлар билан бир пайтда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари муаммоларини ўрганиш мақсадида сайёр қабул ҳам ташкиллаштирилди. Ҳозир ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг фарзандларини даволаш, дори-дармон, махсус тиббий воситалар билан таъминлаш учун кўмаклашиш ҳақидаги мурожаатларини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.