Ислоҳотларни жадаллаштириш давр талабидир

17:03 - 22.02.2021

5

2020 йил 30 июнь куни Президент раҳбарлигида одил судловни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида одил судлов сифатини яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, одамларни рози қилишдек устувор вазифалар белгилаб берилди.

Инсон тақдирини ҳал қиладиган терговчи лавозимининг сирларини ўргатиш учун ёш терговчиларни устоз-шогирд анъанаси асосида тажрибали терговчиларга бириктириш янгича ёндашувларни тақозо этади. Шу боис видеоселекторда вилоят миқёсидаги тергов органларига соҳада камида 3 йил, республика миқёсидаги тергов органларига эса камида 5 йил ишлаган ходимларни тайинлаш амалиётини, тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланганда прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечиши амалиётини жорий этиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди, мутасадди идораларга, шунингдек, прокуратура органларига ҳам топшириқлар берилди.

Мазкур йиғилишнинг моҳиятидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва шаҳарни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш йўл харитаси тасдиқланиб, ижроси Тошкент шаҳрининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари томонидан таъминланиши белгилаб қўйилди. Вазифаларни тўлиқ ва сифатли амалга ошириш учун суд, прокуратура, ички ишлар ва бошқа мутасадди идоралар ходимларидан иборат гуруҳ тузилди ва идоралараро қўшма қарор ишлаб чиқилди. 2020 йил 19 сентябрда Тошкент шаҳар прокурори ва жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси томонидан ёш терговчиларнинг жиноят ишлари бўйича судларда амалиёт ўташ жадвали тасдиқланиб, ҳудудларга юборилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 августдаги «Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида 2021 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳар прокуратураси тергов бўлинмалари ва Ички ишлар бош бошқармаси тергов бошқармасининг фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибага мувофиқ намунавий тарзда ташкил этиш, уларни замонавий криминалистик ускуналар билан жиҳозланган автотранспортлар, процессуал ҳаракатларни аудио ва видеога қайд этиш тизимлари ҳамда стенография юритиш ускуналари билан таъминлаш каби чоралар белгиланган. Бу ишлар белгиланган муддатда якунланди.

Қайд этиш лозимки, шаҳар прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш ҳамда уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлимлари, барча туман прокуратуралари терговчилари овозли видеокамералар билан таъминланди. Улар ҳар бир процессуал ҳаракатни ушбу видеокамераларни қўллаган ҳолда амалга оширмоқда.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига қарашли медиамарказда, «Адолат овози» номли телекўрсатувда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, судлари, Тошкент шаҳар прокуратураси, Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарларининг жонли эфирда очиқ мулоқотда қатнашиши анъанага айланди. Шу билан бирга, мавҳум ҳолатларда содир этилган қотиллик жиноятини тергов қилиш тактикасига бағишланган услубий қўлланма чоп этилиб, терговчиларга тарқатилди. Шаҳар прокуратураси яна бир хайрли ишга қўл урди. Терговчилик касбининг ўзига хос томонлари таҳлил қилиниб, катта қизиқишга сабаб бўлган жиноят ишлари ёритилган «Тор дунё…» китоби чоп этилди. «Порахўрлик билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш юзасидан амалий қўлланма» ҳам амалиётда самара беради деб ўйлаймиз.

Шунингдек, терговчиларнинг малакаси ва тергов сифатини ошириш мақсадида эса семинар-тренинглар ўтказиш, жиноят ишларини тергов қилишнинг ўзига хос хусусиятларини очиб берувчи методологияни ишлаб чиқиш ҳамда кам учрайдиган жиноятларни тергов қилишга бағишланган қўлланмаларни яратиш белгиланган.

2021 йил 12 январда «Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши билан зиммамизга янги вазифалар юкланди. Мазкур қонун билан ишларни назорат тартибида қайта кўриш институти бекор қилинди, прокурорнинг айбловдан воз кечиши, суд томонидан жиноят ишининг реабилитация асосларига кўра тугатилиши белгиланди, шахсга янги айблов эълон қилиш ёки бошқа шахсни айбланувчи тариқасида жалб қилиш учун судга илтимоснома киритиш ҳуқуқи судланувчи, унинг ҳимоя чиси ёки қонуний вакилига ҳам берилди. Мазкур янги нор маларни амалиётга тўғри татбиқ этиш учун прокуратура ходимларида тегишли кўникмаларни шакллантириш талаб этилади. Шу мақсадда юқоридаги қонуннинг моҳиятини тушунтириш учун прокуратура ходимлари иштирокида мунтазам равишда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Элбек ИНАМДЖАНОВ,
Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари