Департамент фирибгарликдан огоҳлантиради

15:39 - 19.02.2021

12

Ҳозирги кунда иқтисодиёт ва ташқи савдо фаолиятни ривожлантириш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонлик тадбиркорларни ташқи савдога фаол жалб қилиш билан бирга, жиноятчилар томонидан турли хил фирибгарлик ҳаракатларнинг хавфи, шунингдек фуқаролар томонидан почта манзилларини бузиб кириш ҳамда уларнинг маблағларини ўзлаштириш билан боғлиқ мурожаатлари ортиб бормоқда.

Хусусан, икки ўзаро ҳамкор инсофли компания ўртасидаги савдо алоқалари доирасида жиноятчилар товар етказиб берувчининг электрон почтасини бузиб кириб, ўзаро ёзишмаларни қўлга киритган ҳолда сохта ҳужжатлар орқали етказиладиган товар учун тўловни амалга ошириш тўғрисида харидор ёки молиявий ташкилотнинг манзилига хат юборганлиги ҳолатлари аниқланган.

Ушбу ҳолатларда, етказиб берувчи компания бир мамлакатда, сохта маълумотлар йўналтирилган компания реквизитлари бошқа мамлакатга тегишли бўлган.

Ўғирланган маблағларнинг кейинги ҳаракатларини ўрганилганда, қўлга киритилган пуллар иккинчи мамлакатда вақтинча яшовчи шахс томонидан нақдлаштирилган ва учинчи мамлакатга олиб чиқиб кетилган.

Шу сабабли, биз Сизни чет эл компаниялари ёки ишлаб чиқарувчилари билан ўзаро савдо ҳамкорлигини амалга оширишда ҳушёр бўлишга, очиқ манбалар, улар тўғрисида ёзилган шарҳлар орқали тадбиркорларнинг ҳалоллигини ўрганишга ҳамда номаълум ва шубҳали манзиллардан келган хабарлар ва ҳаволаларни (ссылка) очмасликка чақирамиз.

Ахборот хавфсизлигини таъминлашда лицензияланган дастурий таъминот воситаларидан фойдаланиш, шахсий почта, мобиль ҳамда компьютер қурилмаларига киришда икки факторли аутентификациядан фойдаланиш, шунингдек муқобил алоқа каналлари орқали хорижий шериклар билан тузилган шартномаларнинг ишончлилигини қайта текшириш орқали жиноятчилар томонидан маблағларингизни ўғирлаш хавфини сезиларли даражада камайтирасиз.