Дардини айтолмай юрган аёллар…

10:57 - 19.02.2021

14

Бош прокуратурага «аёллар дафтари»га киритилган, муаммолари бўлган ҳамда тадбиркор бўлиш истагидаги хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳат бериш тизимини жорий қилиш вазифаси юклатилди. Бу борада муайян ишлар қилинаяпти. Хусусан, 2020 йилда прокурорларнинг ёрдами билан 99755 нафар аёлнинг бандлиги таъминланиб, уларнинг 39953 таси бўш иш ўринларига жойлаштирилди, 59802 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.

Шунингдек, аёлларга тадбиркорлик билан шуғулланиши учун ёрдам кўрсатилиб, 8481 нафар аёлга кооператив ва томорқаларда бандлигини таъминлаш учун субсидия ажратилиши таъминланди. Масалан, Фарғона шаҳар прокурорининг ёрдами билан ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг 20 таси «Feyxan tex», 12 нафари «Wonder group», 67 таси «Azia uniform», 48 нафари «Алгорид» корхонасига ишга жойлаштирилиб, 878 таси ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, 232 нафари қайта тайёрлов курсларига қабул қилинган бўлса, 86 таси ҳунармандчиликка ва 150 нафари касаначиликка йўналтирилган.

Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда тадбиркор аёлларга ҳуқуқий маслаҳат бериб бориш мақсадида Бош прокуратуранинг «Prokuratura.uz» сайтида «Хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояси» номли саҳифа очилди. Ушбу саҳифа орқали аёлларга ҳуқуқий маслаҳат ҳамда қонунчиликдаги янгиликларни бериб бориш тизими йўлга қўйилди.

Шунингдек, хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳат бериш билан биргаликда оилавий тазйиққа учраган, тушкунликка тушган аёлларга психологик ёрдам бериш чоралари ҳам кўрилмоқда. Масалан, Бухоро вилояти прокурори секторида ҳуқуқий-психологик ёрдам маркази ташкил этилиб, унга 6 нафар прокуратура ходими ва 12 нафар малакали психолог жалб этилган. Марказ томонидан 900 га яқин аёлга кўрсатилган психологик ёрдам натижасида ажрим ёқасига келиб қолган 126 та оила яраштирилди.

Прокурорлар хотин-қизларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг қонуний ҳал этилишига алоҳида эътибор қаратмоқда. 2020 йилда жами 23305 нафар хотин-қиздан келиб тушган мурожаатларнинг 15418 таси бевосита прокуратура органлари томонидан ҳал этилган.

Масалан, Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ҳамшира Ш.Тўхтаева билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида 2020 йил 10 июндаги ноқонуний буйруғига шаҳар прокурори томонидан келтирилган протестга асосан Ш.Тўхтаева ишга тикланган. Шу каби фуқаро С.Худойбердиевага ишсизлик нафақаси тайинланиб, енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун субсидия олишида ёрдам кўрсатилган.

Прокуратура органлари томонидан хотин-қизларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижаси бўйича Фарғона вилоятида 1400 нафар, Сурхондарё вилоятида 880, Андижон вилоятида 438, Бухоро вилоятида 369 нафар, мамлакат бўйича 5312 нафар аёлнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги назорат тадбирлари ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунга зид бўлган 321 та ҳужжатни бекор қилиш ёки қонунга мувофиқлаштириш бўйича протест келтирилган. Қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан ваколатли органларга 262 та тақдимнома, 17 та огоҳлантириш хати киритилган. 358 нафар мансабдор интизомий ёки маъмурий жавобгарликка тортилган. 4 та жиноят иши қўзғатилган.