Жамият тараққиётининг етакчи кучи

10:45 - 19.02.2021

15

Ҳар қандай жамият тараққиётининг асоси, етакчи кучи, шубҳасиз, ёшлардир. Президентимиз 2020 йили Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида «Азиз фарзандларим! Халқимиз, ватанимиз сизлардан буюк ишлар кутаётганини ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг! Юртнинг юксак ишончи ва умидини тўла оқлаш, унга муносиб бўлиш энг улуғ бахтдир» дегани ҳам бежиз эмас.

Ватанимиз тарихига назар ташласак, ХХ аср бошларидаги миллий уйғониш даврида ҳам қудратли куч сифатида тарих саҳнасига ёшлар чиққанини кўрамиз. Туркистон мухторияти ҳукуматининг таркибига бир эътибор қаратинг ёки шўро зулмига қарши миллат, ватан, орият учун курашганларнинг ҳам асосий ҳаракатлантирувчи кучи ёшлар бўлганини яхши биламиз. Уларни турли бўҳтонлар билан йўқ қилишган, бироқ улар кўрсатган қаҳрамонлик ва жасорат ҳеч қачон унутилмайди. Ҳар бир миллатнинг келажагини ёшлар белгилагани боис уларга берилаётган эътибор халқнинг савиясини кўрсатади. Қудратли давлатлар тарихига назар солсак, улар биринчи навбатда ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратганини кўрамиз. Айниқса, таълим тизимига жуда катта сармоя ажратилган. Йиллар ўтиб у ўз мевасини берган. Бунга Япония, Германия каби давлатлар мисол бўла олади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрида парламентга қилган мурожаатида «Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз. Ана шу муҳим йўналиш ларда бошлаган ишларимизни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида кириб келаётган 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном беришни таклиф этаман» деган эди.

УЛУҒВОР МАҚСАДЛАР ПОЙДЕВОРИ

Мурожаатда «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда аввало таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим» дея таъкидлангани бежиз эмас. Зеро, Президентимиз БМТ Бош ассамблеясининг 72- ва 75-сессияларидаги нутқида ҳам нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё ёшларини ўйлантириб турган, балки бутун дунё ёшлари, қолаверса, жаҳон афкор оммаси келажагига хавф солиб турган муаммоларга тўхталиб, ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида БМТ конвенциясини қабул қилишни таклиф этган, ташкилотнинг бош котиби Антониу Гутерриш тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон раҳбарининг ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирган эди.

УЛАР ҲАМ ЎЗИМИЗНИНГ БОЛАЛАРИМИЗ

Мурожаатда таъкидланганидек, бола дунёга келганидан бош лаб олти-етти ёшигача унда ақлий фаоллик ошади, ахлоқий-эстетик хислатлар шаклланади. Шу боис ҳам боғча ёшидаги ҳар бир болани ушбу таълимга тўлиқ қамраб олиш режалаштирилмоқда. 2021 йилда мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охиригача 75 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Вояга етмаганлар тарбияси билан боғлиқ муаммолар ҳамон мавжуд. Барчага аёнки, ўсмир тарбияси учун энг аввало унинг ота-онаси, мактаб, маҳалла-кўй масъ ул. Афсуски, айрим болалар кўча-кўйда, бозорларда ишлашда давом этмоқда. Албатта, фарзандларимизнинг меҳнатда чиниқиши таҳсинга лойиқ. Бироқ назоратсиз қолган болаларнинг жиноят кўчасига кириб кетиши осонлигини ҳам унутмаслигимиз лозим.

Баъзи ота-оналар пул топаман деб фарзандларини кимларнингдир қарамоғига ташлаб чет элга кетади. Бу билан ўзларининг ҳақиқий бойлиги бўлган жигарбандларидан ажралиб қолаётганини кеч тушуниб етади. Айримлар вояга етмаган фарзандларининг топиб келган маблағи эвазига кун кўришга одатланиб, уларнинг эртанги тақдири билан умуман қизиқмайди. Натижада айрим ёшлар назоратсиз қолиб, ножўя ишлар қилмоқда.

Одатда ўсмир ҳуқуқбузарлик содир этганда, сабабини у таълим-тарбия олаётган мактаб ва оиладан, керак бўлса маҳалладан қидирамиз. Бу аслида тўғри. Бироқ намунали мактаб ўқувчилари ҳам жиноят кўчасига кириб қолаётган ҳолатлар бор. Буни ўсмирда ҳали ҳуқуқий онг куртак отмагани билан изоҳлаш мумкин. Демак, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишда ҳуқуқий тарбия ва ҳуқуқий тарғибот асосий омиллардан саналади.

ТЎҒРИ ЙЎЛ ТАНЛОВИДА НИМАЛАР МУҲИМ?

Ёшларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришда таълим муассасаларида конституция ва ҳуқуққа оид билимларни ўргатиш, мазкур фанлардан имтиҳонлар жорий этиш, прокуратура, суд, адлия ва ички ишлар ходимларининг фаолияти юзасидан учрашув ва мулоқотлар уюштириш муҳим аҳамиятга эга.

Аҳоли саломатлигини мус таҳкамлашда жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни беқиёс. Спорт билан шуғулланган йигит-қизлар аввало ўзини англайди. Жисмоний тарбия болаларни ичкиналигидан бошлаб ўзининг устун ва заиф томонларини тушуниш ва камчиликларни бартараф этиш учун ўз устида ишлаш лозимлигига ўргатади. Чиниққан, кучли инсонгина ватанини ҳимоя қилишга қодир бўлади.

Юртимизда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкилий-ҳуқуқий асос лар шакллантирилган. Қабул қилинаётган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар замирида ёшларнинг ўз имкониятларини рўёбга чиқариши учун зарур тизимни яратиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, ҳаётда ўз ўрнини топишларини таъминлаш ғояси турибди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга мурожаатида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.

ҚАЛБ ВА ВИЖДОН ТАРБИЯСИ

«Миллатни маърифат тарбия лайди. Яхши тарбияланган қалб ва виждон ҳеч қачон эгасини шарманда қилиб қўймайди» деган эди Туркистон жадидларининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий. Ушбу фикрни илмий нуқтаи назардан таҳлил қилсак, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш бугуннинг долзарб вазифаси эканлиги аён бўлади.

Мурожаатда олий таълимнинг қамрови ва сифатини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2021 йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоиз оширилиши, қабул жараёнида камбағал оилалар қизлари учун грантлар сони икки баробар оширилиб, 2 мингтага етказилиши, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қизлари учун махсус стипендиялар жорий этилиши келажагимиз эгаларига ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Инсонни маънавиятига салбий таъсир қилувчи ахборотлардан, ахлоқини бузувчи оммавий маданият таъсиридан асраш жамиятдаги энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолди. Ёшларнинг мураккаб психологияси талабчанлик билан бирга доимий эътибор ва қўлловга муҳтож бўлади. Буни ўз вақтида тушуниб етмаслик натижасида кўплаб муаммолар келиб чиқади. Ўсмирлик даври инсон ҳаётининг баҳорига қиёсланиши бежиз эмас. Баҳор қанчалик гўзал фасл бўлмасин, унинг кутилмаган тасодифлари, ўз инжиқликлари бор. Ўспиринлик ҳам шундай: кескин ўзгариш ва инжиқликлар даври.

Вояга етмаганлар билан ишлашда уларнинг бўш вақтини тўғри тақсимлаш керак. Чунки ўсмир бўш вақтидан самарали фойдаланса, ҳар хил иллатлардан холи бўлади. Шунинг учун уларни иложи борича қизиқишларига қараб мактаб ва маҳаллаларда ташкил қилинган тўгаракларга, спортга жалб қилиш лозим. Айрим ёшларимизнинг интернет кафеларда вақтини беҳуда нарсаларга сарфлаётгани ва бунинг тарбияга таъсири ҳақида қайғуриш аввало ота-она зиммасидаги вазифадир. Фарзандни дунёга келтириш билан бирга уни тўғри, иймон-эътиқодли қилиб тарбиялаш ҳам жуда муҳим. Халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади» деган мақол бор. Шундай экан, ота-онанинг ўзи тарбияда фарзандига ўрнак бўлмоғи керак. Эзгу орзу-ниятлар билан яшаётган ҳар бир инсон ўз келажагини фарзанд лари камолида кўради. Бу туйғу айниқса биз – ўзбекларда устувор. Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2021 йилнинг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши барча юртдошларимизни қувонтирди. Зеро, юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан ошиғини ташкил этаётган ёшларимизнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни эртанги кунимизнинг ҳақиқий эгалари қилиб тарбиялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласи бугун ҳаммамизнинг, бутун жамоатчиликнинг эътиборида турган асосий вазифадир.

Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»